Ўзбекистон | 14:35 / 27.07.2019
10395
1 дақиқада ўқилади

Мьянма, Россия, Ангола ва Арманистон ҳарбий делегациялари “Фориш”га етиб келди

Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида иштирок этиш учун навбатдаги ҳарбий делегациялар “Фориш” полигонига келиб жойлашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.

26 июль кечаси Мьянма давлатидан келган меҳмонлар кутиб олинган бўлса, 27 июль эрта тонгида Россия, Арманистон ва Ангола давлатларининг ҳарбий делегациялари белгиланган манзилга етиб келди.

Мьянма давлатидан 17 нафар, Россия Федерациясидан 31 нафар, Арманистондан 18 нафар ҳамда Анголадан 9 нафар меҳмон дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан сўнг полигонда яратилган шароитлар билан танишиб чиқди.

Мусобақа олдидан меҳмонлар учун Самарқанд шаҳрида жойлашган диққатга сазовор қадамжолар бўйлаб экскурсия ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 июль куни Вьетнам ҳарбий делегацияси танловда иштирок этиш учун биринчи бўлиб етиб келганди.

Шунингдек, бугун Озарбайжонлик ҳарбийларнинг ҳам “Фориш”га етиб келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид