Light | 16:49 / 05.08.2019
25439
5 дақиқада ўқилади

Стрессга йўлиқмайдиган кишиларнинг 8 одати

Ушбу оддий кўникмалар камроқ асабийлашиш ва кўпроқ дам олишга ёрдам беради.

1. Ёрдам сўраш

Кўнглимиз тусаган нарсага эришишга баъзида кучимиз, баъзида имкониятларимиз камлик қилади. Кучимиз етмайдиган «юклар»нинг ҳаммасини ўзимизга ортиб олиб, ҳаддан ташқари босимдан азият чекиб юрмаслик учун вақтида ёрдам олинг. Энага ёлланг, тозалаш хизмати кўрсатувчи компанияга мурожаат қилинг ёки уйга тайёр овқат буюртма қилиш мумкин. ХХI асрда ҳамма ишни ўзингиз қилишингиз шарт эмас.

2. Соғлом ҳаёт тарзини юритинг

Ҳаммаси оддий: тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, жисмоний машқлар ва ўз саломатлигига эътиборли бўлиш босимни камайтиришга ва стрессга қарши туришга ёрдам беради. Яна бир маслаҳат: соғлом ҳаёт тарзини юрита олмаганда кўп хавотир бўлмаслик керак.

3. Ҳиссий ҳолатингизни назорат қилинг

Одамлар темирдан яратилмаган: баъзида юмушларимиз шунчалик кўпайиб кетадики, барчасини ўз ўрнида бажариш шунчаки иложсиз. Кучингиз тугаб бораётгани, аммо ҳаёт сизга бахт улашишдан тўхтаб қолганини сезишни бошлаган бўлсангиз, унинг ўз-ўзидан пайдо бўлишини кутишни бас қилинг. Терапевт қабулига ёзилинг ёки муаммоларингиз ҳақида ҳеч бўлмаса дўстларингиз ва яқинларингизга айтинг.

4. Қувват манбаларингизни вақтида тўлдиринг

Доимий тарзда инсонлар билан мулоқотда бўлиш ва кучли меҳнат сарф этувчи шароитда ишлаш кўп вақт ўтишига улгурмасдан ҳар қандай бақувват одамни ҳам ҳолдан тойдиради. Аммо камдан-кам одамлар ўзлари учун ҳордиқ ташкил қилишади: кунни тўлиқлигича ўзига бағишлаш фақат беморларга ва меҳнат таътилидаги одамлар учун мўлжалланган.

Бу тўғри ёндашув эмас. Ҳордиқ учун камдан-кам вақт ажратсангиз, эмоционал зўриқишларга учрай бошлайсиз, организмдаги захира эса соат сайин камайиб боради. Натижада мия ва тана ўз насибасини олади: қайсидир жисмоний ёки руҳий касаллик пайдо бўлади. Энг яхшиси доимий равишда дам олиш дақиқалари ва уйқу кунларини уюштириб туринг.

5. Шахсий интизом

Стресслар, хусусан, қандайдир мақсад йўлида иложи борича кўпроқ ишга улгураман деб тиришиб ҳаракат қилганимизда юзага келади. Охир-оқибат такрорий бирхилликдан сўнг асаблар таранглашади, қўйилган марра эса қувватимиз камайиб боргани сабабли биздан узоқлаша боради.

Шахсий интизом ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин. Вақтни тўғри тақсимлашни ўрганиб, режа тузиш ва унга амал қилишни уддаласангиз, стресс даражаси анча камаяди. Сиз ўз мақсадинги сари қадамба-қадам яқинлашиб ишга оид ва бошқа маиший муаммоларингиздан халос бўлиб борасиз. Нимагадир эришиш учун бошқа бирор нимадан воз кечиш кераклигини сизга эслатиш шарт эмас.

6. Беморлик таътилини олинг

Касал ҳолида ҳам ишга боришни давом эттириш — фидокорликнинг аломати эмас, узоқни кўра олмаслик белгисидир. Бу каби одамлар касалликни нафақат ҳамкасбларига юқтиришдан ташқари уни қайталанувчи ҳолатга келтириб қўйишади ва саломатлик йўқотилади. Аслида организм учун беморлик ҳолати катта стресс бўлиб, бу даврда унга тинчлик ва муолажалар зарур.

Мабодо аҳволингиз ёмонлашса, беморлик таътилини олиш имкониятингиздан фойдаланинг. Иш кутиб туради, касаллик эътиборга олинмаса вақт ўтгани сайин авж олиши муқаррар.

7. Кўп иккиланманг

Тажрибаларга асослансак, ҳаётда иккиланиб ўтирувчилардан кўра уриниб кўрувчилар кўпроқ муваффақиятга эришишади. 

Ўйлаб ўтиришга кўп вақт сарфлаб барча ижобий ва салбий томонларни ҳисоблаб чиққунингизгача бошқа бир таваккалчи ўрнингизни эгаллаб олишга улгуриши мумкин. Бу каби одамларнинг ҳаракатлари бехато бўлмаса-да, улар тез фурсатда тажриба йиғишади ва номаълум нарсалардан қўрқиб ўтиришдан қутулишади.

8. Ҳаётдан роҳатланинг

Умуман олганда, завқ ва хурсандчиликка эришиш учун унга лойиқ бўлиш керак. Узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эришиб, бир этак болаларни оёққа турғизгандан кейин нафақада ҳаётдан завқланишни ўрганиш бемаъниликдир.

Стрессга қарши туришда ўзида куч топа оладиган одамлар ҳаётдан лаззат олишни ҳам яхши билишади. Улар назоратда ушлаб туришни уддалай олмайдиган нарсалари ҳақида қайғуришмайди, ўзлари ёқтирмайдиган таклифларни рад эта олишади ва шунингдек севимли машғулотлари учун вақт ажратишни қойиллатишади.

Роҳат билан яшашни бошлаш учун қандайдир махсус шартлар керак эмас. Ўзингизга шуни раво кўришингиз етарли.

Мавзуга оид