Ўзбекистон | 22:33 / 17.08.2019
22063
3 дақиқада ўқилади

ИИВга қарашли марказдан ўтувчи канал чиқиндихонага айланганми?

Ижтимоий тармоқда Самарқанд вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Сиёб канали чиқиндихонага айлангани тасвирланган расм тарқалганди. Суратларда каналнинг ички ишлар вазирлигига қарашли бўлган реабилитация маркази ҳудудидан оқиб ўтган қисмида чиқиндилар уюми кўринган. Бу ҳолатни ўрганиш мақсадида Улуғбек расадхонаси яқинида жойлашган реабилитация марказига бордик.

Шом вақтида марказга бордик. Бизга марказ муҳандиси Шуҳрат Асадов йўл кўрсатди ва тармоқда тарқалган ҳудудни топиб боришимизга ёрдам берди. У жойга халқ тилида «янги йўл» деб аталадиган кўча орқали бориш мумкин.

"Каналнинг ИИВга тегишли марказга нима алоқаси бор?" дейишингиз мумкин. Гап шундаки, аввал санаторий бўлган ва кейинчалик реабилитация марказига айлантирилган ИИВга қарашли ташкилот ҳудудига Сиёб канали оқиб ўтган ерлар ҳам киради. Каналнинг бир қисми ва унинг атрофидаги 1,2 гектар ер айнан ИИВга тегишли. Шу боис ўша ҳудуддаги каналнинг тозалигига ҳам марказ жавобгар. Суратга олиш жараёнида тармоқда тарқалган чиқинди уюмлари кўринмади, ўша кадрдаги ерни ҳам топдик, аммо у ерда фақат сув ўтлари уюлиб турганди.

Биз билан суҳбатда бўлган марказ муҳандисининг айтишича, тармоқда тарқалган сурат шу кунларда олинмаган. Марказ ходими кадр қачон бўлса ҳам кузда олинганини тахмин қилди. Унинг айтишича, атрофда яшайдиган аҳоли ўз чиқиндиларини айнан Сиёбга ташлайди ва марказ ходимлари ҳар ҳафта қайиққа миниб, чиқиндиларни тозалашга мажбур бўлишади. Биз суратга олган вақтда ҳам сувнинг зилол эмаслигини кўришингиз мумкин, аммо бу яшил нарсалар юқорида айтганимиздек сув ўтлари.

Ижтимоий тармоқда тарқалган расм

Марказ муҳандисидан бу ерга одамларнинг чиқинди ташлашини тўхтатиш учун нима қилиш мумкинлигини сўраганимизда, бунинг ечими ўша канал атрофидаги ерларни фойдаланиш учун бериш эканини айтди. Маълум бўлишича, баъзи тадбиркорлар бу ерда балиқчилик бизнесини ривожлантириш учун таклиф берган, аммо улар ерни қисқа муддатга эмас, узоқ муддатга ижарага олишни хоҳлаган. Ташкилот ҳозир бу ердан фойдаланиш истагини билдирган бошқа тадбиркорлар билан музокара олиб бораётганини таъкидлади. Чиндан сув бўйида жойлашган бу сўлим ердан кўп мақсадда унумли фойдаланиш мумкин.

Шу ўринда Самарқандда чиқинди билан боғлиқ муаммо ҳақида икки оғиз. Шаҳар марказида-ку кўз тегмасин, ҳар хил чиқинди ташлашга мослашган алоҳида ихчам контейнерлар бор, аммо шаҳар чеккасида чиқсангиз, чиқинди ташлагани жой қидириб, қийналасиз.

Бу сўзларни ўқиётган раҳбарлар тағин ободонлаштиришда ишлаётган ходимларни «гирибонидан олмасайди» деб қўрқамиз. Ўз ишини ҳаммадан яхши ким уддалаяпти дейишса, шахсан мен мана шу ободонлаштиришдагиларни айтардим. Улар ўзига берилган топшириқни бажаришади холос. Ҳамма гап ташкилотчиларда, бизнингча...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид