Гулнора Каримовага нисбатан яна бир неча жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан яна учта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида ахборот берди.
«Бош прокуратура томонидан Г.Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари қўзғатилишига халқаро компаниядан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.
Аниқланишича, Г.Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖнинг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Г.Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, Г.Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда», дейилади Бош прокуратура хабарида.
2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.
Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2018 йилнинг 1 июлида бу жазо 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
У жазони қизи Имон Каримованинг уй манзилида ўташи керак бўлган. Аммо озодликни чеклаш қоидаларини бузганлиги, чунончи, уйни тарк этгани, алоқа воситалари ва Интернетдан фойдалангани учун 2019 йилнинг 5 мартида Зангиота туманидаги умумий тартибли 21-сон аёллар колониясига ўтказилган.
Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.
Мавзуга оид
19:11 / 29.11.2024
Швейцариянинг Lombard Odier банки Гулнора Каримова иши бўйича пул ювишда айбланди
21:06 / 28.09.2023
Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан айблов хулосаси судга топширилди
19:07 / 18.09.2023
Гулнора Каримованинг қайтарилган бойликлари Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтиришга йўналтирилади
09:42 / 09.08.2023