Ўзбекистон | 14:40 / 21.08.2019
15973
3 дақиқада ўқилади

Янги ҳисоблагичлар электр кучланишининг кескин ўзгаришларига чидамлими?

Электр токини ҳисоблаш бўйича янги ҳисоблагичларни истеъмолчиларга ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларнинг сифати, ўлчаш аниқлиги хусусида турли фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистонда электр узатиш тармоқлари эскирганини қайд этдингиз. Kun.uz мухбири Энергетика вазирлиги бўлиб ўтган матбуот анжуманида айни масалага доир савол билан мутасаддиларга мурожаат қилди. 

-  Ўзбекистонда электр узатиш тармоқлари эскирганини қайд этдингиз. Балки, шунинг сабабидандир, кучланиш бир хил берилмайди. Кучланишнинг қисқа фурсатга кескин кўтарилиши ёки пасайиши ҳам тез-тез қайд этилади. Янги «ақлли» деб айтилаётган электр ҳисоблагичлар кучланишдаги бундай ўзгаришларга қанчалик чидамли?

«Бу бизларни энг кўп ўйлантирадиган савол бўлди. Бизларга ҳамма етакчи (экспертлар) ±20 фоиз деб таклиф берди. Номинал кучланишдан ±20 фоиз кучланиш қўяйлик, шунда аниқлик даражаси тўғри бўлсин. Биз, “±20 фоиз катта кўрсаткич, аммо минг афсус, тармоқларимизда ундай эмас. Биз 20 фоиз билан чегара олмаймиз, 30 фоиз қўйинглар”, дедик. Улар бу ҳисоблагич нархи қимматлашишини айтишди. Биз эса, 20 фоиз қўйиб, ҳисоблагич нотўғри ўлчаса, истеъмолчилар шикоят қилишини билдирдик. Аслида, нотўғри ҳисоблаш кучланиш кам бўлганида ижтимоий тармоқларда таъкидланаётганидек, бизнинг фойдамизга эмас, кўп ҳолларда, зараримизга бўлади. Шунинг учун кучланиш ўзгариши 30 фоиз қўйилган. Бу минимал талаб», - деди Энергетика вазири ўринбосари.

Хўжаевнинг сўзларига кўра, ҳисоблагичнинг кучланишнинг қисқа муддатли кўтарилиши ёки кескин тушиб кетишига чидай олишига доир талаблар ҳам мавжуд. 

«Бундан ташқари, ҳисоблагичларнинг кучланишнинг қисқа муддатли ошиб ёки тушиб кетишига чидай олишига доир бошқа талаблари ҳам бор. У қисқа муддатли кучланиш ўзгаришига бардош бериши ва ёниб кетмаслиги керак. Биз ишлаб чиқарувчига талаб қўйганмиз, бизнинг айбимиз билан бўлса-да, ҳисоблагич кучланишнинг қисқа ўзгаришларига бардош бермай, ёниб кетса, ҳисоблагични алмаштириб беради», - деди Шерзод Хўжаев.

Шерзод Хўжаев

У, шунингдек, ҳисоблагичлар неча вольтда аниқ ишлаганига ҳам ойдинлик киритди. 

«Ҳисоблагичларни стендга қўйганимизда 100-110 вольт кучланишда ҳам белгиланган аниқлик даражасида ишлади. Бунга эътироз йўқ. Лекин биз ҳисоблагичлар учун ±50 фоиз десак, ўзимизнинг вазифамизни енгиллатиб қўйган бўлардик. Аслида, ±20 фоиз ҳам нотўғри ҳолат-да. Чунки, ҳисоблагич кучланиш ўзгаришига чидади, дегани, истеъмолчининг уйидаги маиший техникалар чидади, дегани эмас-ку. Биз бу ҳолатда тармоқларимизни модернизация қилиш вазифасини қўя олмас эдик», - деди вазир ўринбосари. 

Мавзуга оид