Ўзбекистон | 14:21 / 22.08.2019
136781
2 дақиқада ўқилади

Сотувларнинг биринчи куни банклар томонидан қанча нақд доллар сотилгани маълум бўлди

Фото: REUTERS / Beawiharta Beawiharta

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан нақд валюта сотиш бошланган куннинг ўзида банклар томонидан қарийб 10 млн нақд доллар сотилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, сотувларнинг илк кунида тижорат банклари 9,6 млн нақд хорижий валюта сотган. Июль ойида валютага бўлган талаб йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ўртача ойлик ҳажми билан таққослаганда 34 фоизга ошиб, 1,36 млрд. долларни ташкил этганди.

Эслатиб ўтамиз, валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюта сотишни бошлади.

Ўз навбатида, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов валюта курслари энди бозорда мустақил шаклланиши ҳақида айтди. «Марказий банк томонидан валюта учун белгиланган 0.5 фоизли курс тебраниши бекор қилинди. Бу фарқ энди валюта сотувчилар ва сотиб олувчилар томонидан белгиланишига қарор қилинди. 0,5 фоизли чегирманинг борлиги валюта бозори иштирокчилари манфаати учун зид, деган қарорга келинди», - деди МБ раиси.

21 август куни валюта биржасидаги савдолар давомида миллий валюта 1 АҚШ доллари учун 9379 сўмгача мустаҳкамланди. Сўнгги марта сўм июль ойида мустаҳкамланганди, ўшанда 1 АҚШ доллари учун 8659 сўмдан сотилган, сўнг энг юқори кўрсаткичга кўтарилди ва 20 августда 1 АҚШ доллари учун 9384 сўмдан савдо қилинди. Савдолар ҳажми 154 миллион долларгача кескин ўсди - бундай ҳолат июнь ойидан бери содир бўлмаган.

Мавзуга оид