Спорт | 18:00 / 23.08.2019
8866
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг энг кучли хоккейчиси гиёҳванд модда туфайли дисквалификация қилинди

Фото: Getty ImagesRvS.Media/Robert Hradil/Getty Images

Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) россиялик ҳужумчи Евгений Кузнецовни антидопинг қоидаларини бузгани учун 4 йилга дисквалификация қилди.

Қайд қилинишича, Евгенийнинг 2019 йилги жаҳон чемпионатида топширган допинг-намунаси ижобий натижа берган. 26 май куни ўтказилган Россия – Чехия баҳсидан кейин олинган допинг-намунада тақиқланган кокаин гиёҳванд моддаси қолдиғи топилган. 

Россиялик хоккейчи бунга эътироз билдирмаган ва В допинг-намунанинг ҳам очиб кўрилишини талаб қилмаган. Энди у 2023 йил 12 июнь кунигача музга тушолмайди.

Кузнецов Россиянинг энг кучли хоккейчиларидан бири ҳисобланиб, 2014 йилдан бери АҚШнинг «Вашингтон Кэпиталз» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У жаҳоннинг икки карра (2012, 2014) чемпиони, Стэнли Кубоги (2018) соҳиби, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионидир (2011).

2019 йилги жаҳон чемпионатида Россия миллий жамоаси таркибида бронза медалини қўлга киритган.

Мавзуга оид