Фан-техника | 23:40 / 26.08.2019
16297
2 дақиқада ўқилади

Смартфонларнинг саломатликка зарарини камайтириш усуллари маълум қилинди 

Малайзиянинг Пердан университети мутахассиси Эрн Фариз Мохд Поот смартфондан фойдаланиш вақтида саломатлик билан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни камайтиришга имкон берувчи бир нечта маслаҳатларни берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, смартфондан нотўғри фойдаланиш асоратлари биринчи навбатда таянч-ҳаракат аппаратига, жумладан бўғимлар, мушак ва пайларга салбий таъсир кўрсатади.

Маслаҳатлардан биринчиси шундан иборатки, кафт ўлчамига мос келувчи смартфон харид қилиш керак, яъни қурилмани бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқ билан ушлай олиш муҳимдир. Шунингдек, бошмалдоқ билан смартфон экранининг исталган қисмигача тега олиш мумкинлигини текшириш лозим. Билакка юкламани камайтириш учун бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқни навбати билан ишлатиш лозим.

Мутахассис смартфонда матнни бир қўл билан териш ўрнига икки қўлда теришни тавсия қилган. Шунда юклама икки қўлга тақсимланади. Агар бу одатдан халос бўлишнинг имкони бўлмаса, унда матнни бармоқ учи билан эмас, ёстиқчаси билан терган маъқул.

Бундан ташқари, узоқ давом этувчи суҳбатларни қулоқчинлар орқали амалга ошириш маъқул, бунда смартфонни кўкрак, ияк ёки кўз баландлигида ушлаш лозим, шунда бўйин табиий ҳолатда бўлади.

Бу тавсиялар бармоқлар ва билакларда ҳамда бўйин ва белда оғриқлар пайдо бўлиши хавфини, қўлларнинг увишишини камайтиришга имкон беради.

Мавзуга оид