Ўзбекистон | 09:47 / 29.08.2019
32367
3 дақиқада ўқилади

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришдаги қонунбузилиш ҳолатлари маълум қилинди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

“Ўзнефтгазинспекция” ўз фаолияти давомида доимий равишда газ таъминоти корхоналари томонидан аҳоли хонадонларига имтиёзли нархларда етказиб берилаётган суюлтирилган газни ўз вақтида ва амалдаги меъёрий талаблар асосида етказилишини назоратга олган, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, бу борада олиб борилаётган навбатдаги профилактик ва тезкор тадбирлар давомида, газ таъминоти корхоналарининг баъзи нопок ходимлари томонидан шахсий манфаатларини ўйлаб талон-торожлик, тасдиқланган графикка риоя этмаслик, қабул қилиш ва тарқатиш жараёнларида бирламчи ҳужжатларни нотўғри юритиш каби ҳолатларга йўл қўяётганликлари маълум бўлмоқда.

Жорий йил бошидан 15 август кунига қадар, ҳудудларда ўтказилган профилактик тадбирлар давомида, республика бўйича 90 та газ тарқатиш станциялари ва газ тарқатиш пунктлари томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнида 420 дан ортиқ қўпол қоида бузилишлари аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши натижасида иқтисод қилиниши мумкин бўлган 25,2 минг тонна суюлтирилган газ миқдорлари аниқланган. 

Биргина август ойининг ўтган 15 куни давомидаги, республика бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш юзасидан 15 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳисобланган умумий суюлтирилган газ миқдорлари 219 тоннани ташкил этди.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятида “Жарқўрғон газ тўлдириш шохобчаси”да 61 тонна ва “Жарқўрғоннефт”АЖга 2 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилган. 

Навоий вилояти “Кармана-Навбахор” туманлараро газ таъминоти участкасида, аҳоли хонадонларига жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 54 тонна суюлтирилган газ режага нисбатан кам етказиб берилган.

Андижон вилояти “Избоскан” туман газ таъминоти участкасида аҳоли хонадонларига 20 кг. суюлтирилган газ учун белгиланган 19 минг сўм ўрнига, амалда 24 минг сўмдан тўловлар ундирилган, аҳоли хонадонлари учун ажратилган 6 тонна суюлтирилган газни газ таъминот участкасининг махсус автотранспорт воситаларига ёқилғи сифатида ишлатилган, 41 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилган, тарқатиш ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда 62 тонна суюлтирилган газ асоссиз ҳисобдан чиқарилган, 34,6 тонна суюлтирилган газ учун аҳолидан ундирилган 32 млн 894 минг сўм пул маблағлари ўз вақтида банкка топширилмаган.

Хоразм вилояти “Хива тумангаз” участкасида 4 тонна суюлтирилган газ технологик йўқотишларга асословчи ҳужжатларсиз ҳисобдан чиқарилган, участка омборхонасида 6 тонна суюлтирилган газ камомади мавжудлиги аниқланган. 

Фарғона вилояти “Реал газ бизнес” хусусий корхонасининг лицензия муддати 2018 йил 15 декабрда тугаган бўлишига қарамасдан, бугунги кунга лицензиясиз фаолият олиб бораётганлиги маълум бўлди.

Мавзуга оид