Жаҳон | 15:11 / 02.09.2019
8573
1 дақиқада ўқилади

Флорида штатининг тўққизта округида мажбурий эвакуация эълон қилинди

Фото: REUTERS

Флорида штати губернатори Рон Десантис штатнинг тўққизта округида мажбурий, етти округида ихтиёрий эвакуация эълон қилди.

Мажбурий эвакуация Палм Бич, Мартин, Сент-Луси, Сент-Жонс, Бревард, Волуси, Дувал, Индиан ва Нассо округларида амалга оширилади.

Эвакуация давомида эркин ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида штатдаги айрим пуллик автойўлларда йиғим бекор қилинди.

Штат ҳудудида 38 та умумий ва 11 та махсус бошпана ташкил этилган.

Таъкидланишича, Флорида ҳукумати электр тармоқларини тезкорлик билан таъмирлаш учун 28 минг нафарга яқин ходимни шай ҳолга келтирган. Шунингдек, 49тага яқин қидирув гуруҳлари навбатчилик қилмоқда.

45дан ортиқ мактаб ва 34та олий таълим муассасаси ҳамда қатор давлат идоралари ёпилди.

Эвакуация шунингдек, Жоржия ва Жанубий Каролина штатларида ҳам эълон қилинган.

Мавзуга оид