Ўзбекистон | 14:13 / 02.09.2019
13903
5 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирлиги боди камералар учун тендер ҳақидаги мақолага муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички ишлар органлари ходимларига бириктириладиган мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари ҳақида Kun.uz сайтида эълон қилинган «Боди камералар бўйича шубҳали тендер. Унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

«Жорий йилнинг 1 август куни kun.uz сайтида «Боди камералар бўйича шубҳали тендер. Унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?» сарлавҳали мақоласи чиққан. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4075-сонли Қарори талаблари асосида ички ишлар органлари ходимларига бириктириладиган мобиль видеокамера (бодикамера) воситаларини харид қилиш ишлари хато ва камчиликлар билан амалга оширилаётгани юзасидан хабар берилган.

Хусусан, мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари билан ички ишлар органлари ходимларини таъминлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ҳамда мазкур воситалар билан ички ишлар органларини таъминлаш борасидаги танловларда ғолиб деб эълон қилинган компаниянинг юридик манзили ва тендер комиссияси хулосаси бўйича шубҳали фикрлар акс эттирилган.

Мазкур масала юзасидан Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

1. Ички ишлар органлари ходимларини мобиль видеокамера (бодикамера) воситалари билан таъминлаш юзасидан жорий йилнинг январь ойида Мудофаа саноати Давлат қўмитаси томонидан дастлабки конкурс танловлари ўтказилган.

Мазкур танловда иштирок этиш мақсадида қуйидаги 15та ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини таклиф этишган:

«ANICO kft», «BIEM JSC», «EDESIX», «INFINECOM LLC», «Secure House», «Poly Technologies», «Posco DAEWOO», «СпектоКом» МЧЖ, «ТАR Military&Police Equipment&Training», «TORSVIK Project Engineering», «ТЕХНОДИНАМИКА» Авиационно-сервисный центр, «CEIEC», «DES Ltd», «O'zelektroapparat-Electroshield» АЖ, «TELECOM DEVICES PRO».

Бироқ, мақолада кўрсатиб ўтилган «ORGSELL» МЧЖ томонидан мобиль видеокамера (бодикамера) воситаларини етказиб бериш юзасидан ҳеч қандай таклифлар келиб тушмаган ва ушбу компания лойиҳа доирасидаги танловда иштирок этмаган.

2. Конкурс танловларининг шарти асосида маҳсулотларнинг (мобиль видеокамера) синовлари ўтказилиши лозимлигидан келиб чиқиб, ўз маҳсулотини синовларга тақдим этган 6та, шу жумладан, «ANICO kft», «INFINECOM LLC», «Secure House», «Poly Technologies», «DES Ltd», «O'zelektroapparat-Electroshield» АЖ компанияларининг мобиль видеокамера воситалари апрель-май ойлари мобайнида синовлардан ўтказилган.

3. Танлов жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан, манфаатдор ташкилотларнинг мутасадди вакилларидан иборат идоралараро комиссия ташкил этилди.

Комиссия томонидан синовлар якуни бўйича барча техник талабларга тўғри келган мобиль видеокамера (бодикамера) билан ички ишлар органлари ходимларини таъминлаш «O'zelektroapparat-Electroshield» АЖ томонидан амалга оширилиши белгилаб олинди.

4. «Тендер комиссияси баённомасида буюртмачи ва ғолиб компания - Infinecom LLC ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоланиши тавсия қилинган» деб кўрсатилган ҳужжат бошқа лойиҳа доирасида тузилган баённома бўлиб, мобиль видеокамераларни жорий қилишга умуман алоқаси йўқ. Мобиль видеокамераларни етказиб бериш бўйича тендер комиссияси раиси этиб Ф.Ф.Касимов тайинланмаган.

5.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги 556-сон қарорига мувофиқ мобиль видеокамераларни амалиётга жорий қилиш 2020 йилнинг 1 январь кунига белгиланган бўлиб, ички ишлар органларини мобиль видеокамералари билан таъминлаш ишлари алоҳида назоратга олинди», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарида.

Мавзуга оид