Спорт | 17:19 / 16.09.2019
23396
4 дақиқада ўқилади

Криштиану Роналду марҳум отасининг видеосини кўриб, йиғлаб юборди

Криштиану Роналду Буюк Британиянинг ITV телеканали меҳмони бўлиб, таниқли журналист Пирс Морган билан бир соатга яқин вақт мобайнида суҳбат қурди.

Суҳбат давомида Роналдуга марҳум отасининг видеоинтервьюсидан уни мақтагани акс этган қисмини қўйиб беришди. Бу видеони олдин ҳеч қачон кўрмаганини айтган Криштиану кўз ёшларини тия олмади.

«Бу видеони энди кўришим. Олдин кўрмаганман. Кўзларимга ишонмаяпман.

Интервью ҳазил-кулги билан кечади, деб ўйлагандим. Йиғлайман, деб ўйламагандим. Лекин бу тасвирларни аввал ҳеч қачон кўрмаганман. Бу кадрларни ўзимга олволишим керак, оиламга кўрсатаман...» – дейди у.

Қайд этиш керак, ҳужумчининг отаси – португалиялик боғбон Жозе Динис Авейру кенжа ўғли 20 ёшлигида алкоголизм ва жигар хасталигидан вафот этган.

«[Совринлар ютаётганимни] оилам кўряпти, онам, акаларим, ҳатто катта ўғлим кўриб боряпти. Лекин отам... у ҳеч нарсани кўрмади. Ёш оламдан ўтди...» – деб хотирлади Роналду.

Асосий касби боғбонлик бўлган Жозе Динис Авейру маълум вақт Португалиянинг «Андоринья» клубида хўжалик менежери бўлиб ишлаган ва бу вақт давомида ўғли шу клубнинг ҳаваскор болалар жамоасида ўйнаган. У 2005 йилда, 52 ёшда вафот этганида Роналдунинг «МЮ»га келганига икки йил бўлган эди.

«Отамни юз фоиз яхши билмайман. У кўп ичарди. Бирон марта дилдан суҳбат қурмаганмиз. Буни эслаш оғир», – деди Роналду.

«Ювентус» ҳужумчиси, шунингдек, жинсий тажовузда айблангани мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, июль ойида АҚШ прокуратураси америкалик модель Кэтрин Майорганинг Роналдуга нисбатан даъвоси юзасидан футболчига айблов эълон қилишни рад этган эди.

«Улар сенинг шаънинг билан ўйин қилишади. Бунга дуч келиш оғир – ёқтирган қизинг бор, оиланг бор, болаларинг бор... Қадр-қимматинг билан ўйин қилишгани ёмон.

Эсимда, бир куни уйда телевизор кўриб ўтиргандим. Янгиликларда мен ҳақимда гап кетаётган пайтда фарзандларим зинадан тушиб келишаётганини эшитиб қолдим. Уялганимдан бошқа каналга олдим. Кичик Криштиану отаси ҳақида ёмон нарсаларни гапиришаётганини кўрмасин дедим. Ўша пайтда ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим», – дейди у.

Шу билан бирга, Роналду маъшуқаси Жоржина Родригесга бир кун келиб албатта уйланишини ҳам таъкидлади.

«Шубҳасиз, кун келиб турмуш қурамиз. Ойим ҳам шуни хоҳлайди», – деб қайд этди у.

Маълумот учун, 34 ёшли футболчининг икки ўғил ва икки қиз фарзанди бор.

Мавзуга оид