Фан-техника | 08:18 / 16.09.2019
6832
1 дақиқада ўқилади

Nissan раҳбари истеъфога чиқди

Фото: Behrouz Mehri/Getty Images

Япониянинг Nissan Motor автомобилсозлик компанияси раҳбари Хирото Саикава 16 сентябрда истеъфога чиқди. Унинг вориси октябрда тайинланади, деб хабар берди “Киодо” ахборот агентлиги.

Яқинда ортиқча мукофот пули олганини тан олган Саикаванинг истеъфоси компания даромадлилигини барқарорлаштириш ва унинг Renault компанияси билан ҳамкорлик муносабатларини яхшилаш билан боғланмоқда.

Саикаванинг ўрнини 63 ёшли Ясухиро Ямаути вақтинчалик эгаллаган.

Nissan муаммолари 2018 йил ноябрда компаниянинг ва унинг Renault ҳамда Mitsubishi билан алянси раҳбари Карлос Гон молиявий қонунбузарликлар ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш айбловлари билан ҳибсга олингандан кейин кескин тус олганди.

Гоннинг рақиблари, жумладан Саикава хорижлик томонидан бошқарилаётган япон компанияси ўз мустақиллигини йўқотаётганидан хавотирланишган.

Вазият шунгаликка борганки, Nissan 3 йил ичида 12,5 минг иш ўрнини қисқартиришини эълон қилган. Компаниядаги ички текширув эса Саикавага асоссиз равишда мукофот пули сифатида 434 минг доллар тўланганини кўрсатган.

Мавзуга оид