Ўзбекистон | 14:46 / 20.09.2019
12936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда минерал ўғитларсиз ҳосил олиш биотехнологияси яратилди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов томонидан Ўзбекистонда минерал ўғитларсиз кузги буғдой етиштириш биотехнологияси ишлаб чиқилди ва амалда муваффақиятли синовдан ўтди. 

Фанлар академияси хабарига кўра, мазкур биотехнология усули ёрдамида – азотли ва фосфорли минерал ўғитларсиз буғдой ҳосилдорлиги оширилади. Дала шароитидаги тадқиқотлар Тошкент вилояти Янгийўл тумани Калган массивидаги буғдой далаларида ўтказилди.

Биотехнологиянинг асосини тупроқларда, ўсимлик илдизлари атрофида кўпаядиган фойдали бактерияларнинг ноёб биологик хусусиятларига асосланади. Тупроқ бактериялари ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигини оширишда талаб этиладиган биологик азот ва фосфор, турли физиологик фаол моддалар, оқсиллар (шунингдек, аминокислоталар), витаминлар ҳосил қилади. Тупроқнинг муҳим био-экологик хусусиятларини тиклайди – тупроқ ёшаради. Таклиф этилган ушбу биотехнологияда ана бактериялардан фойдаланилади.

Биотехнологиянинг фундаментал тадқиқотлари, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси институтлари, жумладан ХХР ФА физика ва кимё ҳамда экология-география институтларида тадқиқ этилган.

Дала шароитидаги тадқиқотларда ушбу биотехнология асосида ва минерал ўғитлар қўлланмасдан ўртача 50 тс/га ҳосил олинган. Олимнинг фикрига кўра, буғдойнинг бу ҳосили юқори чегара эмас. Биотехнологиянинг қўллаш усулларини оптималлаштириш орқали буғдой ҳосилдорлигини бунданда ошириш мумкин. Шунингдек, мазкур ишланма, айниқса, шўрланган тупроқларнинг биологик хусусиятларини тиклаш ва буғдой ҳосилдорлигини оширишда жуда фойдали, Ўзбекистон шароитларида истиқболли ҳисобланади. Шўрланган тупроқларда минерал ўғитларнинг қўлланиши тупроқ минераллашуви – шўрланишини кучайтиради. Таклиф этилган биотехнология эса, шунингдек, тупроқ минераллашувини камайтиришга катта ёрдам беради.

Мавзуга оид