Спорт | 11:40 / 23.09.2019
75284
2 дақиқада ўқилади

Купер истеъфога чиқарилди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртадаги мавжуд шартномани ўзаро келишувга асосан бекор қилишди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртадаги мавжуд шартномани ўзаро келишувга асосан бекор қилишди.

2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келган аргентиналик мутахассис бош жамоамизга 1 йилдан ортиқроқ муддат давомида устозлик қилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Эктор Купер ҳамда унинг бошчилигидаги мураббийлар штабига Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолияти учун миннатдорчилик билдиради ва уларга келгуси фаолиятида омад тилайди», дейилади ЎФА хабарида.

Эктор Купер билан 2018 йилнинг 1 августидан 2021 йилнинг 30 ноябригача, ЖЧ-2022 саралаш цикли учун шартнома тузилганди ва агар терма жамоа Қатарда ўтказиладиган мундиалга йўлланма олса шартнома автоматик тарзда турнир якунигача узайтирилиши кўзда тутилганди.

Ўтган вақт мобайнида Купер Ўзбекистон терма жамоасини 17 ўйинда майдонга бошлаб тушди, бу ўйинларда 7 ғалаба, 4 дуранг ва 6 бор мағлубият қайд этилди. 2019 йилги Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финалда Австралияга пенальтилар сериясида ютқазди (0:0, 2:4).

Маълумотларга кўра, эндиликда терма жамоа бош мураббийи лавозими учун икки номзод кўриб чиқилмоқда: 2017 йилдан буён «Пахтакор»да ишлаётган Шота Арвеладзе ва ҳозирда «Бунёдкор»ни бошқараётган Вадим Абрамов.

Бундан аввалроқ Tribuna.uz манбаси аргентиналик мутахассиснинг йиллик маоши 2 миллион евродан ортиқни ташкил этиши, унинг истеъфоси учун компенсация сифатида 5 миллион евродан ортиқ маблағ тўланиши ҳақида маълумот тарқатганди.

Мавзуга оид