Жаҳон | 08:24 / 26.09.2019
43795
3 дақиқада ўқилади

Трамп ва Зеленский илк бор учрашди

Фото: REUTERS

Украина ва АҚШ президенти Владимир Зеленский ва Дональд Трамп БМТ Бош ассамблеяси 74-сессияси доирасида Нью-Йоркда учрашди.

Икки етакчи таржимонларсиз суҳбатлашган.

АҚШ президенти суҳбат давомида Россия ва Украина муносабатларидаги прогрессни қайд қилиб ўтиб, Зеленскийга шу йўсинда давом эттиришни маслаҳат қилган.  У, шунингдек, Зеленский ва Россия президенти Владимир Путин учрашиб, Донбассдаги ихтилофни ҳал қила олишига ишонч билдирган. 

“Сиз президент лавозимида бўлган қисқа вақт ичида Россия билан муносабатларда сезиларли тараққиётга эришдингиз. Шу йўсинда давом эттираверинг”, деб айтган Трамп.

АҚШ президентининг фикрича, Путин Донбассдаги ихтилофни тартибга солишга интилмоқда.

“Мен президент Путин нимагадир эришишни истаётганига чин дилдан ишонаман. Сиз ва президент Путин учрашиб, муаммоингизни ҳал қиласиз деб, умид қиламан. Бу ақлбовар қилмас натижа бўларди”, деб айтган Трамп.

Ўз навбатида Зеленский Европа Иттифоқи ва АҚШнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларигина Донбассдаги вазиятни тартибга солишда ёрдам бера олишини айтган.

Айтиш жоизки, учрашув анча кўтаринки руҳда ўтган. Икки етакчи бир-бирларига ҳазиллар қилишган.

“У мени мен уни машҳурроқ қилганимдан кўпроқ машҳур қилди”, деб айтган Трамп учрашув бошида тўпланганлар кулгуси остида. Трамп бунда Зеленский билан телефон суҳбатини назарда тутган.

АҚШ президенти Зеленский яхши номга эгалигини айтган ва Украинада ҳаммаси яхши бўлишига умид билдирган.

Ўз навбатида Украина президенти “Телефондан кўра, телевизор орқали бўлиш анча яхшироқ эканлигини” айтган ва яна кулгу кўтарилган.

Сўнгра Зеленский Трампни Украинага таклиф қилган. “Мен биламан сиз ҳеч қачон Украинада бўлмагансиз. Сиздан олдинги президент, инглизчада қандай айтса бўлади, келишга вақт тополмаган. Балки ажойиб мамлакатимизга келишга ваъда берарсиз?”, деб сўраган Украина раҳбари ҳамкасбидан.

Трамп “ҳаракат қилишини” ва кўплаб украиналикларни танишини ҳамда Украина катта салоҳиятга эгалигини қўшимча қилган. “Мен биламан. Чунки шу мамлакатданман”, деб жавоб қилган Зеленский кулгулар остида.

Зеленский, шунингдек, Трампни Вашингтонга сафари санаси бўйича келишиб олишга ҳазилона тарзда чақирган.

“Вашингтонга таклиф қилганингиз учун ташаккур билдирмоқчиман. Сиз мени таклиф қилдингиз-у, бироқ узр, санасини айтишни унутдингиз”, деб айтган Украина президенти. Унинг шу гапларидан кейин залда яна кулгу кўтарилган.

Мавзуга оид