Иқтисодиёт | 15:00 / 27.09.2019
46407
9 дақиқада ўқилади

Алихўжа, Хўжаали? ҚҚС ва Фойда солиғидаги ўзгаришлар ҳақида

Тадбиркорлар 1 октябрь санасини ўзгача ҳаяжон билан кутишаётганди, десам муболаға эмас. Божхона ставкаларидаги ўзгаришлар, баъзи имтиёзларнинг йўқолиши, шунингдек, импортёрларнинг умумий товар айланмасидан қатъи назар, ҚҚС тўлашга ўтказилиши ва бошқа ўзгаришлар яшаб юрган ҳаётимизда тренд яратмаса-да, бизнес олами учун катта воқеликлар ҳисобланади. Барча ҳисоб китобга шўнғиган, кимдир ўша кунгача имкон қадар «ишлаб олиш»ни ният қилса, бошқаси, аксинча, ана энди ҳаммаси адолатли бўлишини, соф рақобатни кутмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яна бир қарорнинг имзоланиши, яъни, ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши эса вазиятни янада қалқитди. Бу бизнес учун, ўз навбатида, истеъмолчилар учун ҳам жуда яхши хабар, идеал шароитда, назарий тарафдан, яратилаётган ҳар бир маҳсулот харажатларининг 5 фоизга тушаётганини билдиради.

Алихўжа, Хўжаали?

Бу ҳаммаси эмас. 2020 йил 1 январдан «Фойда солиғи» ставкаси 12 фоиздан 15 фоизга оширилиши ҳам маълум бўлди. Шундан сўнг, баъзилар томонидан скептик қарашлар пайдо бўлди, яъни ҚҚСдаги енгиллик фойда солиғи орқали мувозанатга келиб қолиши мумкинлиги ҳақида фикрлар айтила бошланди. Хўш, бу ўзгаришлар аслида тадбиркорлардаги солиқ юкини пасайтирмайдими? Давлат шунчаки, пулларни у чўнтакдан бу чўнтакка оляпти холосми аслида?

Йўқ албатта, ундай эмас. Назарий томондан содда тилда тушунтирамиз. Бир корхона хом ашё сотиб олиб, унга ўз қийматини қўшади. Бу қўшилган қиймат таркибида иш ҳақи, амортизация, турли тўловлар ва корхонанинг устама фойдаси киради. ҚҚС мана шу қўшилган қийматдан ҳисобланади. ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Фойда солиғи эса, корхонанинг устама фойдасидан ҳисобланади. Яъни кўриниб турибдики, ҚҚС базаси Фойда солиғи базасидан каттароқ. Чунки Фойда солиғи базасига иш ҳақи, амортизация ёки бошқа тўлов харажатлари кирмаган.

Табиийки, «ҚҚС солиғи» базаси ҳар доим «Фойда солиғи» базасидан юқори бўлади, демак ҚҚС тушиши эвазига, тенг миқдорда фойда солиғи ошиши якунда тўланаётган солиқлар камайишига олиб келади. Бу оддий арифметика. Бунинг устига, ҚҚС 5 фоизга туширилмоқда, Фойда солиғи эса, 3 фоизга ошмоқда. Тўғри, бу ўзгариш ҳар хил бизнес субъектларига ҳар хил таъсир қилиши турган гап, ким учундир кўп, ким учундир кам, аммо шу нарса аниқки – уларнинг ҳар бири аввалгига нисбатан камроқ солиқ тўлайди.   

Келинг, буни амалий томондан кўриб чиқамиз. Харажатларининг таркиби турлича бўлган корхоналар мисолида, 2019 йил ва 2020 йилларни солиштирамиз.

Биринчи намуна. Оддий ишлаб чиқариш ёки савдо корхонаси. Ўрнак содда ва тушунарли бўлиш учун харажатлар таркибини камайтириб олдик. Моҳиятан ҳеч нарса ўзгармайди. Хом ашё харажати деганда, ҚҚС билан қабул қилинадиган турли моддий харажатларни тушунишингиз мумкин. Шунинг учун, 5-қатордаги «ҳисобга олинадиган ҚҚС» ўша суммадан ҳисобланяпти. 

Кўриб турганингиздек, 120 бирлик миқдорида реализация қилган корхонанинг соф фойдаси иккинчи вариантда ортмоқда. Корхона 2019 йилда ҚҚС ва Фойда солиғи учун умумий 14.8 бирлик (20-10+4.8) тўлаган бўлса, 2020 йилда 14.4 бирлик (15.6-7.5+6.3) тўламоқда. Харажатлар миқдоридаги фарқларга қараб, бу фарқ ўзгариши мумкин, лекин доим янги йилда нисбатан камроқ бўлади.

Иккинчи намуна. Юқоридаги шартли корхона моддий харажатларни ҚҚС билан қилади. Яъни, сотиб олинадиган хом ашё ва хизматлар ҚҚС тўловчиларидан қабул қилинган ёки импорт амалга оширилган. Энди, масалан хом ашёни ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхоналардан сотиб оладиган ёки импортда ҚҚС имтиёзига эга бўлган корхона мисолида кўриб чиқамиз.

ҚҚСни «зачетга олиш» имконияти йўқлигидан, бундай корхоналар давлатга кўпроқ ҚҚС тўлаб келишмоқда. Шунинг учун, ҚҚСнинг пасайиши уларга янада яхшироқ таъсир қилади. Натижада 2020 йилги ўзгаришлар бундай корхоналарнинг солиқ юкини кўпроқ камайтиради.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу ўзгаришлардан хом ашёни ҚҚС билан сотиб оладиган корхоналар камроқ, ҚҚСсиз сотиб олиб юрган корхоналар эса, кўпроқ ютади. Шунингдек, харажатларида меҳнат, яъни иш ҳақида улуши кўпроқ бўлган корхоналар кўпроқ, харажатларда материал харажатлар улуши каттароқ бўлган корхоналар эса, камроқ ютадилар. Лекин ҳамма ютади. 

Ўзгаришлар иқтисодиётимизга нима беради?

Биринчидан, юқорида айтилганидек, солиқ юки камайиши, айнан эркин рақобат шаротида нархлар тушишига олиб келади. Солиқнинг камайиши фақат тадбиркорнинг чўнтагига кирмайди. Чунки бошқа рақобатчи камроқ фойдага рози бўлиши ва нархни тушириш имкониятидан фойдаланиши мумкин.

Иккинчидан, Фойда солиғининг улуши ҚҚСга нисбатан ошиб бориши иқтисодиётнинг легаллашувига ҳам ўзига хос чақирувдир. Чунки ҚҚС ставкаси пасайиши натижасида яширин иқтисодиёт эҳтиёжини пасайтиради. Фойда солиғи ставкаси ошиши эса, корхонада харажатларни ошириш, бошқача қилиб айтганда, баъзи яширин харажатларни легаллаштиришга ундайди. Айтайлик, реал иш ҳақини «конверт»да бериб, ҳисоботларда камроқ кўрсатиш амалиёти камайиши мумкин. Сабаби, иш ҳақининг тўлиқ кўрсатилиши орқали харажатлар ошади, бу эса тўланадиган «Фойда солиғи»ни камайтиради. Тўғри, иш ҳақидан тўланадиган ижтимоий тўлов ва даромад солиғи (жами 24 фоиз) 15 фоизли фойда солиғига нисбатан кўпроқ. Аммо иш ҳақини яширишдан қўлга киритиладиган сумма аввалги ҳолатдан кўра 3 фоизга камаймоқда, дейиш мумкин.

Учинчидан.

Бу энг муҳими. Нафақат ҚҚС ставкасидаги ўзгаришлар, балки божхона имтиёзларининг бекор қилиниши, ҳамда барча импортчиларнинг ҚҚС тўловчиси сифатида қайд этилиши эркин рақобатни юзага келтириш учун ташланган яхши қадамдир. Маълумки, шу пайтгача баъзи хом ашёларга нисбатан Божхона имтиёзлари мавжуд эди, яъни импорт қилинаётганда ҚҚС ҳам тўланмасди.

Бу бир қараганда, жуда катта имтиёзга ўхшаса-да, аслида, масалан ҚҚС тўловчиси бўлган корхона учун фойдаси бўлмаган. ҚҚС тўловчиси бўлган А корхона имтиёзли хом ашёни импорт қилаётганда, божхонада тўлов амалга оширмайди. Аммо ўша хом ашё билан ишлаб чиқарган маҳсулоти учун Солиққа ҚҚС тўлайди. Энди ўша хом ашё имтиёзсиз бўлганидачи? А корхона маълум миқдорда ҚҚСни божхонада тўлайди ва Солиққа ҚҚС ҳисоблаётганда, ўша суммани чегириб ҳисоблайди. Бўлди. Ҳар икки вариантда ҳам тўланадиган умумий ҚҚС суммаси ўзгармайди.

Имтиёздан эса, асосан Б, ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхоналар фойдаланиб қолади. Чунки улар божхонадан хом ашёни ҚҚСсиз олиб чиқишади, кейин маҳсулот сотаётганда ҳам атиги 4 фоиз Ягона солиқ тўлашади. Яъни айни ишни қилаётган А ва Б корхоналарнинг солиқ юки ўртасида жуда катта фарқ юзага келаётганди.

Натижада, корхоналар кенгайишни истамаган, имкон қадар ҚҚС тўловчиси бўлишдан қочишган, тушумларни яширишга ўтишган. Ҳар ойда янги фирма очиб, айланма бир миллиард сўмга етмасдан, янгисини ишлатиш ҳолатлари кўпайган. Бу бир томондан, бюджетга тушумларни камайтирса, иккинчи томондан, ҚҚС тўловчиси бўлган ва шаффоф ишлашга ҳаракат қилган корхоналар панд еб қолаверган.

Худди шундай фарқни Соддалаштирилган ҚҚС тизими ҳам пайдо қилаётганини аввалроқ эълон қилинган «Соддалаштирилган ҚҚС – яширин иқтисодиёт учун таклиф» мақоласида ҳам айтиб ўтгандим.      

Хулоса

Эркин рақобат шароитида, харажатларнинг камайиши нафақат тадбиркор фойдасининг ошиши, балки нархлар тушишига ҳам сабабчи бўлади. Яъни давлат бизнесни қўллаш орқали нафақат тадбиркорларни, балки бутун мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилаётган бўлади. Нархларнинг пасайиши аҳолининг тўлов қобилиятини оширади, бу савдони, ўз навбатида, бюджетга тушумларни ҳам кўпайишига олиб келиши керак. Яъни солиқ ставкасини пасайтириш орқали Давлат аслида, тадбиркор фойдасига қандайдир суммадан воз кечмайди. Аксинча, шундай қарорлар орқали, тадбиркорликни ривожлантиришни кўзда тутади ва шу тариқа бюджетга тушумларнинг ошишидан умид қилади.

Аммо бунинг шарти айнан эркин иқтисодиёт шароити ҳам бўлишидир. Давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун бир қарорни чиқариб, яна бошқа томондан, эркин бозор шартларига зид бўлган бошқа қарорларга кўз юмса, занжир узилади. Аслида ишлаши керак бўлган жуда кўп иқтисодий қонунлар ишламайди, тескари эффект беради.

Умид қиламизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, солиқ тизимидаги ўзгаришлар коррупция, монополия ва яширин иқтисодиётга қарши кураш билан боғлиқ ҳолда, аҳоли манфаатларини энг юқорига қўйиш принциплари асосида амалга ошиб боради. Акс ҳолда солиқлар пасайишининг бирдан бир таъсири бюджет камомадида намоён бўлади, холос.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид