Ўзбекистон | 19:13 / 27.09.2019
12502
3 дақиқада ўқилади

Қуролли Кучлар давлат музейининг виртуал версияси яратилди ва видеогид ишга туширилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейининг виртуал версияси яратилди. Эндиликда исталган фойдаланувчи Мудофаа вазирлигининг расмий веб-сайти  орқали музейдаги барча экспонатлар билан танишиши мумкин, деб ёзади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Бунинг учун “mudofaa.uz” сайтига кириш ва у ердан ўрин олган “Қуролли Кучлар давлат музейи” тугмасига босиш кифоя.

Шунингдек, ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида музей ҳақида батафсил маълумот берувчи видеогид тизими жорий этилди. Эндиликда ташриф буюрувчилар музей экспонатларини шахсий смартфони орқали ҳам томоша қила олади.

Қуролли Кучлар давлат музейи 1965 йилда Марказий офицерлар уйи қошида Туркистон ҳарбий округи жанговарлик шуҳрати музейи сифатида ташкил этилган. Умумий майдони 3 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиб, музей ҳудудидан 10 мингдан зиёд экспонатлар ўрин олган.  

Музейнинг асосий иш фаолияти экспозициялар (буюм-ашёлар, ҳужжатлар, жанговар мукофотлар ва қурол-яроғлар) орқали ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган. 

Музей биноси Мирзо Улуғбек туманида – Мудофаа вазирлиги биноси ёнида жойлашган. Бино олдида “Ватанга қасамёд” ҳайкали мавжуд.  

Бино 3 қаватдан иборат бўлиб, экспозициялар уч ҳарбий тарихий даврга бўлиб ёритилган. 

Биринчи давр – “Темурийлар давридаги ҳарбий санъат (14-15 асрлар)” га бағишланган. Амир Темурнинг ҳарбий саркарда сифатидаги кўп қиррали фаолияти ёритиб берилган. Зал экспозициялари асосини “Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши учинчи ҳарбий юриши” батал диорамаси ташкил этади. Шу билан бир қаторда “Амир Темур от устида” портрети, қурол-яроғ намуналари, байроқлар, “Амир Темур давлати харитаси”, ноғоралар ва ҳ.к. ўрин олган. 

Иккинчи давр – фашизмга қарши кураш (1941-1945 йиллар) йилларида ўзбек халқининг қаҳрамонлигига бағишланган. Ҳар бир кўргазмада у ёки бу жангда қатнашган ўзбекистонлик аскарларнинг шахсий анжомлари, жанговар мукофотлари, ҳужжатлари ва бошқа тарихий буюмлар қўйилган. Зал экспозициялари хронологик характерга эга бўлиб, Брест қалъаси учун бўлган жанглардан тортиб то Берлингача бўлган жангларни ўзида ёритган ҳамда тўлиқ маълумот берилган.

Учинчи давр “Мустақил Ўзбекистон ҳимоясида” деб номланади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топиши тарихи, унинг қонуний асослари, қўшинлар таркиби, ҳарбий ҳудудий бўлинмалар – ҳарбий округлар, улардаги қисм ва қўшилмаларнинг жанговар тайёргарлиги, олий ҳарбий билим юртларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, шу билан бир қаторда миллий армиямизнинг халқаро ҳарбий ҳамкорлиги, тарбиявий, маданий-маърифий, спорт ҳамда ҳарбий оммавий ахборот воситалари фаолияти кенг ёритилган.

Мавзуга оид