Ўзбекистон | 14:19 / 28.09.2019
14458
2 дақиқада ўқилади

Полковник Дилшод Чориев Қозоғистон ҳарбий делегациясини кутиб олди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шу кунларда Ўзбекистонга Қозоғистон Республикаси “Жануб” Регионал қўмондонлиги қўмондони генерал-майор Кайдар Каракулов раҳбарлигидаги ҳарбий делегация расмий ташриф билан келган.

Кеча, 27 сентябрь куни Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев Қозоғистон ҳарбий делегациясини қабул қилди. Суҳбат давомида мудофаа соҳасида ўзбек-қозоқ ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳарбий йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикрлар алмашилди.

Полковник Дилшод Чориев меҳмонларни ҳарбий округнинг функция ва вазифалари билан таништириб, уларга Мудофаа вазирлиги учун ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш тизими ҳамда округ ҳарбий хизматчиларининг республика ва халқаро ҳарбий мусобақалардаги ютуқлари ҳақида айтиб ўтди. Суҳбат давомида Ўзбекистон томонидан Қозоғистон ҳарбийлари билан келгусида ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларни ўтказиш, ҳарбий санъат мутахассислари билан тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш бўйича таклифлар берилди. 

Расмий йиғилишдан кейин меҳмонлар Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисм ва муассасалар билан яқиндан танишишди. Ташриф давомида ҳарбий хизматчиларнинг мини-полигонидаги амалий машғулотлари, хизмат отларини минишни ўргатиш бўйича машқлар кўрсатилди. “Жануб” Регионал қўмондонлиги қўмондони томонидан зотдор отлар эътироф этилди. Ҳарбий қисмларнинг инфратузилмаси ҳамда ўқув- моддий база Қозоғистон ҳарбий делегациясида таассурот қолдирди. 

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат музейи ҳамда Хивадаги бетакрор Ичан-қалъа бўйлаб саёҳат қозоғистонлик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.

Мавзуга оид