Жамият | 09:43 / 01.10.2019
24977
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Андижондаги оммавий заҳарланиш бўйича маълумот берди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 30 сентябрь куни соат 17:30ларда Андижон шаҳар, Нодира кўчаси 1-уйда жойлашган «Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy» номли нодавлат таълим муассасасида 82 нафар ўқувчи, 3 нафар ўқитувчи ва 4 нафар техник ходим овқатдан заҳарланган. Бу ҳақда Бош прокуратура маълумотида айтилади.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ўрганишлар давомида, РШТТЁМ Андижон филиали, вилоят кўп тармоқлар болалар шифохонаси ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилганлардан 3 нафар ўқувчининг аҳволи ўртача оғир ҳолатда бўлиб, 76 нафар ўқувчи, 3 нафар ўқитувчи, 4 нафар техник ходим стационар тартибда даволанаётганлиги ҳамда 3 нафар ўқувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига кетишга рухсат берилганлиги ва ҳозирда стационар тартибда даволанаётган беморларнинг аҳволи яхшиланганлиги сабабли уларнинг уйларига кетишларига рухсат бериш мумкинлиги маълум қилинди.

Воқеа жойига вилоят прокурори Г.Фозилов, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари К.Йўлбарсов, Андижон шаҳар прокурори Қ.Асқаров, шаҳар прокуратураси терговчиси, шаҳар ИИБ бошлиғи ва тезкор-тергов гуруҳи ходимлари чиқишди.

Муассасада 236 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, ўқувчиларга эрталабки нонушта учун «Манная каша», соат 11:45ларда тушлик учун биринчи таом сифатида «Нўхат шўрва», иккинчи таом сифатида «Уйғур лағмон» берилганлиги аниқланиб, ушбу таомлардан текшириш учун намуналар олинди. 

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид