Яхшилар кўмаги билан Маъмурахон операция қилинди. Шифокорлар унинг ҳолатини ижобий баҳоламоқда
Кундалик ҳаётимизда кўплаб ташвишларга кўмилиб яшаймиз. Бироқ ўз муаммоларимиздан ошиниб кимгадир кўмак берсак дилимиз ёришади. Ёдингизда бўлса, бир неча кунлар муқаддам бағдодлик оила Жумабоевларнинг қизи Маъмурахон ҳақида хабар берган эдик. Бу қизалоқ туғилганидан бошлаб юрак нуқсони билан курашиб келаётган эди. Айни хасталикнинг сўнгги кунларида унинг ўпкасида босим яна ҳам кучаяётганлиги айтилган эди. Ушбу мурғак қалб соҳибаси сиз азизларнинг кўмагингиз билан операция қилинди.
Қизалоқнинг операциядан сўнг ҳолати ҳақида билиш мақсадида пойтахтимиздаги “AKFA MEDLINE” шифохонасига бордик.
“Пулларимиз етарлича тўплангани сабабли операцияга келдик. Бу ерда бизни дўхтирлар яхши кутиб олди. Ҳамма керакли шароитларни қилдик. Келганимиздан кейин икки кун ўтиб, операция ўтказишди. Қизим операциядан яхши чиқди, ҳолати яхши. Дўхтирлар ҳам ҳолати ижобийлигини айтмоқда. Операциядан бир кунда чиқди. Операцияга олиб кириб кетишганида ичимдан ўтганларни ўзим биламан. Лекин минг марта шукр ҳаммаси яхши ўтди. Дўхтирлар операциядан чиқиб ҳаммаси яхшилигини айтишди. Реанимациядан чиқиб олсагина ҳаммаси ўтишини айтди.
Пул йиғилишига ҳам ўзи ўйлангандим. Кечалари билан Худодан сўрадим. Йўқ, мана пул йиғилди. Ёрдам берганларга минг рахмат. Умрлари узоқ бўлсин”, – дейди беморнинг онаси Мавлудахон Жумабоева.
Қизалоқнинг ҳолати, операциянинг қандай ўтганлиги каби ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида жаррохлик амалиётини ўтказган шифокор Нодир Ибрагимов билан суҳбат ўтказдик.
“Бемор Адхамжонова бизга мурожаат қилган вақтида туғма юрак нуқсони, иккита қоринчалари ўртасида девор дефекти, ўпкадаги босим юқорилиги 3-б даражага ўтиб бўлган. Озгина кечиктирилса қутқариб қололмайдиган ҳолатда эди. Текширувларда ҳали умид борлигини аниқладик. Худога шукр, операция яхши ўтди. Ўпкадаги босим, юрак ҳолати ҳам яхши ҳолатдалигини гувоҳи бўляпмиз. Боламиз энди соғлом десак ҳам бўлади. Биринчи йили ҳар уч ойда текширувдан ўтиб туришади. Ҳозир чиқишдан олдин дори-дармон ёзамиз. Уч ойдан сўнг, ҳолатига қараб дориларни камайтириб борамиз”, – дейди тиббиёт фанлари номзоди, кардиохирург Нодир Ибрагимов.
Қўли очиқ юртдошлар! Сизнинг беғараз, яхши ниятларда бир мушкул ҳолатдаги ватандошингизга қилган ёрдамингиз беқиёсдир. Ёрдамингиз сабаб бир қизалоқ бу ёруғ оламда ҳаёт кечиришда давом этмоқда. Яратганнинг фазли сабаб у яна ота-онасининг бағрида!
Баҳодир Аҳмедов – мухбир
Нуриддин Нурсаидов – оператор
Мавзуга оид
15:21 / 11.09.2019
Хайрия натижаси: 4 ойлик Бекмуродда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди
22:52 / 07.05.2019
Хайрия натижаси: 1.5 ёшли Мавжуданинг юраги муваффақиятли опeрация қилинди
19:30 / 18.03.2019
Хайрия натижаси: Умарнинг операцияси муваффақиятли якунланди. Унинг оиласи барча яхшилардан миннатдор
17:34 / 21.11.2018