Иқтисодиёт | 07:48 / 14.10.2019
5485
2 дақиқада ўқилади

ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришнинг электрон тизими яратилмоқда

Фото: Shutterstock

Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчилар учун қўшимча қулайликларни яратиш, айниқса, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқмоқда.

ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, бу орқали ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасини корхоналарнинг банк ҳисобварақларига қайтариб бериш жараёни янада соддалаштирилади.

2020 йил 1 январдан тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган мазкур тизим корхоналарга қатор қулайликларни тақдим этади.

Биринчидан, аризаларни ва бошқа қўшимча ҳужжатларни қоғоз кўринишида бевосита ДСҚга тақдим этиш тартибидан воз кечилади.

Иккинчидан, ҚҚСни қайтариш жараёнига тегишли бўлган барча ҳужжатлар, яъни импорт ва экспорт божхона юк декларациялари, ҳисобварақ-фактуралар, ҚҚС ҳисоб-китоблари, экспорт шартномалари ва корхоналар ҳисобварақларига келиб тушган валюта маблағлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда бошқа жадваллар тегишли давлат органлари маълумотлар базасига уланган ҳолда шакллантирилади.

Учинчидан, тақдим этилган ҳужжатларнинг ўрганилиш жараёнини солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали кузатиб бориш имконияти яратилади.

Мавзуга оид