Ўзбекистон | 14:01 / 14.10.2019
50362
3 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: «Артел» монополия сари интилишда расман сиёсий суянчиққа эга бўлди»

Расул Кушербаев / Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев монополия ва Artel компанияси ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди

Унинг сўзларига кўра, монополия шароитида бир инсон ёки бир гуруҳ шахсларнинг бойиши, яхши яшаши учун бошқалар қурбон қилинади.

“Бу фикрларимни сайлов жараёни ёки бошқа шахсий манфаатларга алоқаси йўқ, деб қабул қилишларини истардим.  

Мен монополиянинг ҳар қандай шаклига қаршиман. Биздаги кўпгина мағлубиятлар у сабаб ва афсуски давлат манфаатлари юзасидан табиий монополияга ҳозирча чидаш керак бўляпти, бироқ бу ҳам вақтинча.

Чунки монополия шароитида бир инсон ёки бир гуруҳ шахсларнинг бойиши, яхши яшаши учун бошқалар қурбон қилинади. Монополия эркинликни чеклайди, рақобатни ўлдиради, ривожланишни ортга қайтаради, у жамиятни иқтисодий қулликка етаклайди. Балки ошириб юборгандирман, лекин бор гап шу. 

“Артел” монополист эмаслигига ишонгимиз келади, ҳақиқатан де юре у монополист эмас ва бунга интилмаяпти, бироқ де факто интиляпти. Буни импорт маҳсулотларига қўйилаётган турли тўсиқ ва оширилган божлар мисолида кўрса ҳам бўлади.  

Яқинда иқтисодчи Юлий Юсупов импортдаги чекловлар ортидан “Артел”ни қулоғи кўринаётганини, бизнинг вазирлик ва идоралар биргина компания манфаатлари учун ишлаётгандек туюлаётганини билдирганди.  Ўз ўрнида, “Артел” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, Ўзбекистонда иқтисодиёт эркин бозор принципларига кўра ишлашини маълум қилди. Оддий айтганда “Артел” лоббизм билан шуғулланмаган. Мен бунга ишонаман. Чунки расман “Артел”да сиёсатда лоббизм учун сиёсий суянчиқ йўқ. Амалда эса... Унга биргина шу нарса расман етишмаётганди.

Куни кеча “Артел” "Миллий тикланиш" партиясини танлаганини англадим, партия эмас, “Артел” танлади ва монополия сари интилишда сиёсий "криша"га эга бўлди расман. Энди лоббизм билан расман шуғулланиш ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди.  

Иқтисодиётда барча учун тенг имконият ва шароитлар яратилмас экан, кўпчилик камчиликнинг манфаати учун қулликка маҳкум бўлади. Биз иқтисодиётда эркинлик, тенглик ва монополиядан ҳолилик тарафдоримиз.

“Миллий тикланиш”га эътирозим йўқ, омадини берсин. Фақат монополия нима эканлигини унутмасалар бўлди. 

Ўзимни эса бир савол ўйлантиряпти: “Артел” монополия учун “криша”ликка бошқа партияни танлаганда вазият қандай бўларди?” - деб ёзади Расул Кушербаев.

Мавзуга оид