Нурафшонда халқаро инвестиция форуми бошланди
Нурафшон шаҳрида «Invest in Tashkent Region» халқаро инвестиция форуми бошланди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Форумда 50дан ортиқ мамлакатдан 250га яқин меҳмон – ҳукумат делегациялари, институционал инвесторлар ва бизнес вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирни очиб бериш учун Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов сўзга чиқиб, вилоятдаги салоҳиятли йўналишларни санаб ўтди.
«Айниқса, туризм соҳасида Тошкент вилоятининг потенциали катта. Чорвоқ эркин туристик зонаси – туризм учун жуда қулай ҳудуд.
Ангрен эса эркин иқтисодий зона сифатида катта индустриал салоҳиятга эга ва бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча шароитлар мавжуд. Бундан ташқари, Паркент-фарм ва Бўстонлиқ-фарм каби иккита фармацевтик зона ҳам мавжуд бўлиб, улар орқали турли фармацевтик лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Яқин орада ҳудудда Кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда иккита фармацевтик кластерлар вужудга келади», дея таъкидлади вазир.
Сардор Умрзоқовнинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти энергетика, тоғ-кон саноати, текстиль, логистика, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, маҳсулотларни қадоқлаш каби қатор соҳаларда ҳам ресурслар, тажриба ва қулайлик мавжудлиги туфайли инвесторларни жалб қилиш имкониятига эга.
Вазирдан сўнг сўз олган вилоят ҳокими Рустам Холматов ҳам ҳудуднинг бизнес потенциалига тўхталиб ўтди.
«Вилоятда 60 мингдан зиёд кичик тадбиркорлик субъектлари фармацевтика, тиббиёт ва бошқа соҳаларда, 6 мингдан зиёд саноат корхоналари фаолият юритмокда. Республикада ишлаб чиқарилаетган саноат маҳсулотининг 15 фоиздан ортиғи вилоят ҳиссасига тўғри келмокда», – дейди Холматов.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган бизнес-анжуман икки кун давом этади.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024