Жаҳон | 09:10 / 27.10.2019
10579
2 дақиқада ўқилади

Чилида тенгсизликка қарши митингда миллион киши қатнашди

Жума куни (Тошкент вақти билан шанба) Чили пойтахти Сантьягодаги намойишларда миллиондан ортиқ киши қатнашди. Акция иштирокчилари ҳукуматни иқтисодий тенгсизликка қарши зарур чоралар кўришга чақиришмоқда.

Чили президенти Себастьян Пиньера намойишчиларнинг талабларига қулоқ солишини маълум қилди.

Сантьягодаги норозилик намойишлари октябрь ойи бошида бошланган, ўшанда ҳукумат жамоат транспорти учун нархларни ошириши минглаб одамларни кўчаларга чиқарганди. Кейинроқ намойишлар тўлқини мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалди.

Намойишлар тартибсизликка айланиб, айрим жойларда дўконларни талон-тарож қилиш ва ўт қўйиш ҳолатлари кузатилди. Полиция билан тўқнашувларда камида 16 киши ҳалок бўлган, 7 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Ҳукумат метро ва автобус учун чипталар нархини аввалги ҳолатига қайтарган бўлса-да, намойишлар давом этмоқда.

Сантьягода фавқулодда ҳолат жорий қилинган ва ҳарбийлар шаҳарга киритилган. 20 минг нафар полициячи Чили пойтахти кўчаларида навбатчилик қилмоқда.

Пайшанба куни Пиньера пенсия ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини оширишга, шунингдек, бошқа ижтимоий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганди. Намойишчиларнинг бир қисми унинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Чили - Лотин Америкасидаги энг фаровон давлатлардан бири ҳисобланади, аммо сўнгги воқеалар бу давлатда ижтимоий тенгсизлик даражаси ҳаддан ташқари юқори бўлиб кетганини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид