Ўзбекистон | 11:41 / 28.10.2019
44669
3 дақиқада ўқилади

Юзлаб одамларни чув туширган яна бир хусусий бандлик агентлигининг лицензияси тўхтатилди

«Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ лицензияси тўхтатилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, вазирлик томонидан «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi»га берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи 0010-сонли лицензия тўхтатилган.

Аввалроқ, Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Д. Чилонзор туманида жойлашган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарларидан шикоят қилиб келганди.

Суриштирув давомида агентлик раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани аниқланди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Адҳамжон Абдуллаев агентлик фаолиятидаги ҳолат бўйича маълумот берди.

«Ички ишлар вазирлигига фуқаролардан 2019 йил 4 январда ташкил этилган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Аризалар юзасидан вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, яъни «алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш» йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Аниқланишича, фуқаро Қаҳрамон О. ва бошқалар «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖни таъсис этиб, хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ниқоби остида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларга ёлғон ваъдалар бериб, жамиятга мурожаат қилган 645 нафардан зиёд фуқароларнинг ҳар биридан 27 миллион сўмдан 32 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини жамият балансига кирим қилиш йўли билан жами 12 миллиард сўмдан ортиқ пулни қўлга киритган ва ушбу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида молия-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланди.

Жамият директори Қахрамон О., Мусурмон А. ва Одил К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиб, жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилади», дейилади маълумотда.

Бундан олдин, 30та хусусий бандлик агентлиги бирорта ҳам фуқарони хорижга ишга юбормагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид