Жамият | 21:59 / 31.10.2019
7903
2 дақиқада ўқилади

«Ўзнефтгазинспекция»: октябрда 5 млрд сўмлик табиий ва суюлтирилган газ ўғирланган  

1 октябрдан 25 октябргача республика бўйича 3 млрд 885 млн сўмлик газдан ноқонуний равишда фойдаланилганлиги маълум бўлди.  

Жорий йилнинг октябрь ойи давомида “Ўзнефтегазинспекция” томонидан республикада газдан ноқонуний фойдаланиш ва ахолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида катта ҳажмларда газ ўғирланиши ҳолатлари аниқланди. “Ўзнефтгазинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра етказилган зарар 4 млрд 778 млн сўмни ташкил этди. 

Умуман олганда, 1 октябрдан 25 октябргача ўтказилган тадбирлар натижасида республика бўйича 208 та ҳолат аниқланиб, 3 млрд 885 млн сўмлик 4 млн 209 минг куб метр газдан ноқонуний равишда фойдаланиб зарар етказилганлиги маълум бўлди.  

Хусусан, Фарғона ҳамда Жиззах вилоятида жойлашган “Зафаробод агроэкспорт” ва “Қувасой шаффоф оҳак” корхоналарига қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида жами 1 млрд 690 млн сўмлик (1 млн 873 минг куб метр), шунингдек, Тошкент вилоятида жойлашган “Вайт Керамик” МЧЖга қарашли чинни цехида жами 128 772 куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.

Суюлтирилган газни газ баллонларда аҳолига тарқатишда эса 13,1 млн сўмлик 3,9 тонна камомад, 9,5 млн. сўмлик 2,8 тонна ортиқчалик, 12,5 млн сўмлик 3,7 тонна асоссиз ҳисобдан чиқариш, 155,9 млн сўмлик 46,5 тонна истеъмолчилар ҳақидан уриб қолиш ҳисобига ўзлаштирилганлиги маълум бўлди.

Йил бошидан буён 2500 дан ортиқ табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари ҳамда суюлтирилган газни газ баллонларда тарқатиш бўйича 200 дан ортиқ ҳолатлар аниқланган бўлиб, тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Мавзуга оид