«Ўзбеккино» ва «Союзмультфильм» Хўжа Насриддин ҳақида мультсериал ишлайди
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги делегацияси Москвага амалий ташриф доирасида «Союзмультфильм» студиясига ташриф буюрди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашди. «Ўзбеккино» ва «Союзмультфильм» ҳамкорликда Хўжа Насриддин ҳақида анимацион сериал ишлашга келишиб олди.
«Союзмультфильм» билан меморандум имзоладик ва ҳамкорликдаги биринчи лойиҳамиз Хўжа Насриддин саргузаштлари ҳақидаги анимацион сериални яратишдир. Эҳтимол, бу персонаж нафақат болаларимиз ва ёшларимизнинг, балки, катталарнинг ҳам севимли мультиқаҳрамонига айланади», - дейди «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
«Союзмултфильм» киностудияси бош директори Борис Машковцевнинг сўзларига кўра, Хўжа Насриддин ҳақидаги анимацион сериални яратиш ғояси қўллаб-қувватланган.
«Барча катта ёшлилар бу ажойиб қаҳрамон ҳақидаги афсоналарни эшитиб улғайган. Ушбу қаҳрамон орқали Бухоро ва Самарқандни ҳам томошабинга тўлароқ кўрсатиб бериш мумкин», - деди у.