«Сабабсиз сигнал бериш одатини енгиш мумкинми?» - ИИББ ҳайдовчиларга таклиф билан чиқди
Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрган чет элликлар “Йўлларингизда намунча шовқин!”, деб ажабланади. Автомобиль бошқарганда эса тўхтовсиз “бип-бип”дан фикрни бир жойга жамлаш жуда қийин дейдилар, деб ёзмоқда Тошкент шаҳар ИИББ.
Маълум бир давлат аҳолисининг маданиятини ҳайдовчиларига қараб билиб олиш мумкин.
ИИББнинг ёзишича, биздаги аксарият ҳайдовчиларнинг ҳаракатларида ҳовлиқиш, агрессивлик, ўзаро ҳурматсизлик сезилиб туради. Ажабланарлиси шундаки, ушбу факт кўплаб ҳайдовчиларнинг ўзи учун ҳам ноқулайлик туғдиради, улар ҳолатни ўнглаш ниятида, аммо нимадир халал қилади. Тинмас шовқиндан норозиликлар туфайли шаҳарда бир қатор ҳаммага йўл бериб, ўнгга бурилиш мумкинлигини англатувчи йўл белгилари ўрнатилди, чунки яқин атрофдаги уйларда яшовчи аҳоли учун шовқинлар ҳақиқий азобга айланди. Ҳайдовчилар кафтлари билан рулнинг ўртасини босиб, натижада ўзлари учун ноқулайлик туғдиришларининг мисолларидан бири шудир.
Билдирилишича, Telegram’даги гуруҳларнинг бирида “NAVIGATOR” тахаллуси остидаги иштирокчи қуйидаги хабар қолдирган: “Мен қишда Ростовда 5 кун бўлдим. Ҳар куни мени бир киши ишларим бўйича машинасида олиб юрарди. 3-куни хаёлимда бир фикр ўрнашиб қолди, худди нимадир етишмаётгандек. Нималигини тушуна олмасдим. Шу онда ён томондаги машина сигнал берди. Ҳайрон қолдим. Уч кун давомида сигнал овозини эшитмаган эканман. Умуман”.
Бир нечта иштирокчилар муҳокамага қўшилишиб, шахсий кузатувлари билан ўртоқлашган: “биздагилар бекорга антиқа сигналларни қидиришмайди, малибу, карнай-сурнай!”, “Синглим РФда яшайди, меҳмонга келганида у ҳам шу ҳақида гапирганди. Айтишича, агар улар томонда сабабсиз сигнал берса, калтак еб қолиш ҳам мумкин экан!”. Бошқа бир иштирокчи: “Светофорда тургандик, яшил ёниб қолди. Олдинда турган автомобиль юрмаяпти. Сигнал бер дедим. Йўқ, кейин бита билан чиқади, мен эса олд ойнани алмаштиришга мажбур бўламан, деди”.
“Албатта, биз безориликни маъқулламаймиз. Аммо бошқа юртларда ҳайдовчиларнинг ўзлари бошқалардаги сигнал бериш иштиёқини сўндира олишларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Авваламбор – ижтимоий қоралаш, бу тарзда бошқалар учун ноқулайлик келтириб чиқариш тарбиясизлик эканлигини мунтазам равишда эслатиб туриш орқали”, - деб ёзади ИИББ матбуот хизмати.
Биринчи шарҳ муаллифи давом этади: “Одамлар сигнал беришмайди. Кўчалар тор. Кўпи билан икки йўлакли. Биринчисидан иккинчисига ўтоқчи бўлганингда “поворотник”ни ёқсанг, дарҳол ўтказиб юборишади. Одамлардаги ҳайдовчилик маданияти ўзгача. Нима учун сигнал беришмайди деб сўрадим. “Нима зарур?” – деди ҳайдовчим. Бизда эса сабаб бўлса-бўлмаса эринмасдан сигнал беришади.”.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасига мувофиқ, товуш сигналини сабабсиз бериш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш – ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
“Ҳайдовчиларимиздаги мақсадсиз сигнал бериш одатини енгиш мумкинми? Бизнинг шаҳримизда товуш сигналидан – йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари билан ўзига хос тезкор алоқа воситасидек фойдаланишади. Бу шунчалик даражада одат тусига кирганки, ҳатто сигналлардан чарчаган инсон ҳам ўзи билмаган ҳолда сигнал беради”, - дейилади ИИББ маълумотида.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 48-бандига мувофиқ: “Товушли ишоралар фақат қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин: аҳоли пунктларидан ташқарида бошқа ҳайдовчиларни қувиб ўтиш ҳақида огоҳлантириш учун; зарур бўлган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун”. Бизда эса нима сабабдан бўлар-бўлмасга сигнални қўллашади? Аслида жуда хавфли маданият шаклланиб улгурган – сигналлар шунчалик одатий бўлиб қолдики, баъзида, кун охирида чарчаш оқибатида биз уларни одатий товушдек қабул қила бошладик. Шундай вазиятда сизни ғилдирагингиз ҳаво йўқотаётгани, юкхона очиқлиги, автомобилингизнинг давлат рақами ёки юкингиз тушиб кетганлиги ҳақида, ёки стоп-сигналингиз ишламаётганлиги ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлишлари мумкин.
“Тошкент ҳайдовчиларига ўзларини синаб кўришни таклиф қилмоқчимиз: бир кун давомида бирор марта ҳам сабабсиз сигнал бермаслик қўлингиздан келадими? Фақат сабабларга жиддий муносабатда бўлиб, авариявий ҳолатларни ўзингиз келтириб чиқармаслигингиз шарти билан.
Ўзингизни синаб, йўллардаги ҳолатни назорат қилиб кўринг ва муҳокамага қўшилинг: ушбу муаммони ҳал қилиш муҳимми ва қайси ечим энг афзал ҳисобланади?” - дея ёзади ИИББ матбуот хизмати.
Мавзуга оид
07:30 / 05.11.2024
Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига жароҳат етказган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
12:14 / 11.10.2024
“Яна нечта бола йўлларда ўлиши керак?” – кўпайган авариялар ҳақида катта суҳбат
13:45 / 09.10.2024