Жаҳон | 17:40 / 25.11.2019
65259
12 дақиқада ўқилади

Хитойнинг уйғурлар бўйича сиёсатига оид ҳужжатлар ОАВга сиздирилди

Замонавий Хитой тарихида ички ҳужжатлар ОАВга сиздирилиши билан боғлиқ энг йирик воқеалардан бири рўй берди. The New York Times нашри Чин юртида ҳукмрон коммунистик партияга тегишли экани айтилаётган яширин ҳужжатларни эълон қилди.

Жами 403 саҳифадан иборат ҳужжатлар Хитойнинг Шинжондаги сиёсатига яна бир бор жаҳон ҳамжамияти диққатини тортди.

Kun.uz жаҳоннинг энг нуфузли газеталаридан бирида чиққан инсайдер маълумотларнинг бир қисми, бунга расмий Пекиннинг муносабати ва минтақадаги вазиятга доир умумий шарҳни тақдим этади.

Тайёргарлик пухта – барча саволларга жавоб ҳозирланган

Семестр якунида талабалар уйларига кетиш учун чипта буюртириб қўйишган, имтиҳонлардан кейин Хитойнинг узоқ ғарбий минтақасига – оилалари бағрига қайтиб, мароқли таътил ўтказишни ўйлаб юришган эди.

Аммо кўп ўтмай, уларга ота-оналари уйда эмаслиги, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилар ҳам йўқолиб қолишганини айтишади – уларнинг ҳаммаси мусулмон этник озчиликни тутқунликда ушлаб туриш учун қурилаётган жамлоқларга олиб кетилганди.

Шинжон минтақаси амалдорлари вазият порох тўлдирилган бочка мисоли эканидан хавфсирашган, шу боис алоҳида тадорик кўриб қўйилганди.

Марказий ҳокимият маҳаллий мутасаддиларга йўл-йўриқ кўрсатилган қўлланма тарқатиб чиқади. Йўриқномада таътил учун уйига қайтаётган талабаларнинг саволларига қандай жавоб бериш ва улар ортиқча муаммо чиқармай жим юришларини таъминлаш бўйича батафсил тушунтириш берилган эди.

Қўлланмадаги биринчи савол – «Оила аъзоларим қаерда?» Йўриқномага кўра, бу саволнинг жавоби қуйидагича бошланади: «Улар ҳукумат томонидан ташкил этилган қайта тайёрлаш муассасасида...» Агар талаба тихирлик қилса, унга яқинлари жиноятчи эмаслиги, лекин барибир бу «муассаса»ни тарк эта олмаслигини тушунтириш керак бўлган.

Савол-жавоб шаклидаги қўлланмада бироз таҳдид оҳанги ҳам йўқ эмас. Йўриқномага кўра, талабаларга уларнинг хулқ-атвори ва ўзини тутиши яқинларининг «муассаса»да қолиш вақтини ё қисқартириши, ё узайтиришини айтиб уқтириш лозим бўлган.

«Ишончим комил, сен уларни қўллаб-қувватлайсан. Чунки шундай қилсанг, уларга ҳам, сенинг ўзингга яхши бўлади», дейиш тавсия этилган мутасаддиларга.

2019 йил август. Ёркентдаги кафе. Девордаги баннерда Си Цзиньпиндан иқтибос келтирилган:
«Ҳар бир этник гуруҳ анор уруғи каби маҳкам бирлашмоғи керак»
Фото: Gilles Sabrié / The New York Times

«Мутлақо шафқат қилинмасин»

Расмий Пекин Шинжондаги тутқунлар лагерлари бўйича танқидларни рад этиб, бу муассасаларда диний экстремизмга қарши курашнинг юмшоқ методлари қўлланишини айтиб келади. Аммо NYT қўлга киритган ҳужжатлар бу сиёсатни юритишдаги қаттиққўллик ва кескинликка ишора қилмоқда.

Жумладан, коммунистик партия лидерлари экстремизмга қарши кураш чораларини қўллашда радикал ва аёвсиз усулларни қўллашга буйруқ бергани ҳақида қайдлар бор.

Ота-оналар болаларининг кўз олдида олиб кетилган, ўқиш контрактини энди ким тўлашини ўйлаб талабаларнинг боши қотган, қишлоқларда ишчи кучи етишмаслиги боис экин экиш ёки ҳосилни йиғиб олишда қийинчиликлар кузатила бошлаган... Шундай шароитда ҳам амалдорларга шикоят қилганларни «коммунистик партиянинг кўмагидан миннатдор бўлиш» ва «тинчлик сақлаш»га чақириш буюрилган.

Нашрда таъкидланишича, аксилтеррор чораларининг кескинлик касб этиши республика раиси Си Цзиньпинга бориб тақалади. У ХХР Раиси этиб сайланганига бир йилдан бироз кўпроқ вақт ўтган пайт – 2014 йил апрелида Шинжонга ташриф билан борганди. Давлат раҳбари бу минтақада тўрт кун бўлган, сафарининг сўнгги кунида эса Урумчида теракт рўй бериб, 80 киши яраланган эди.

2014 йил. ХХР раиси Си Цзиньпин Урумчи шаҳридаги масжидда
Фото: Xinhua / Reuters

Ўша терактдан бир неча ҳафта олдин эса, Кунмингдаги поезд станциясида номаълум шахслар пичоқ билан ҳужум қилиб, 31 кишини ўлдирган ва 140дан ортиқ кишини яралаган эди. Раис ташрифидан бир ой ҳам ўтмай, Урумчидаги бозорда рўй берган портлашлар оқибатида 39 киши ҳалок бўлиб, юзга яқин одам жароҳатланганди.

Си Цзиньпиннинг Шинжонга биринчи ва охирги ташрифи бўлиб қолаётган сафар давомида у мамлакатда «терроризм, инфильтрация ва сепаратизмга қарши кенг кўламли кураш» бошланишини эълон қилган, бунда «мутлақо раҳм-шафқат қилинмаслиги»ни таъкидлаган.

Жамоатчиликка очиқланмаган ўша йиғилишда Хитой етакчиси оммавий қўлга олишларга буйруқ бермаган бўлса-да, минтақада диний радикаллашувни чеклаш учун «диктатура қуроллари»дан фойдаланилишини айтган.

Қошғар шаҳри. Рамазон ҳайити арафасида (ҳарбийларни суратга олиш тақиқланган)
Фото: Ал-Жазира

Аввал хавфсизлик, кейин инсон ҳуқуқлари

The New York Times’нинг ёзишича, ўтган йиллар мобайнида хорижий мамлакатларда кузатилган терактлар ва Афғонистонда Америка ҳарбийлари сонининг қисқариши Хитой раҳбариятидаги қўрқувларни янада оширган, бу эса яна ҳам қатъийлашган аксилтеррор чораларда ўз аксини топган.

Нашр ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Хитой ҳукмрон доиралари Британиядаги терактларни «инсон ҳуқуқлари хавфсизликдан устун қўйилган сиёсатнинг оқибати» деб баҳолаган. Си Цзиньпин, шунингдек, ўз партиясини 11 сентябрь воқеаларидан кейинги урушда АҚШ қўллаган баъзи усуллардан фойдаланишга чақирган.

Сиздирилган файллардан аён бўлишича, 2016 йил августида Шинжон коммунистик партияси бош котиби лавозимига Чэнь Цюаньго келганидан сўнг, минтақадаги жамлоқлар сони кескин ошиб кетган. Мухтор ўлканинг янги серғайрат раҳбари бу кампаниясини асослаш учун Хитой раҳбарининг нутқларини тарқатган ва 2017 йилда маҳаллий мутасаддиларга «қўлга олиниши керак бўлганларнинг барчасини қўлга олиш»ни буюрган.

Чэнь Цюаньго коммунистик партиянинг Пекиндаги конгрессида, 2017 йил.
Фото: Etienne Oliveau / Getty Images

Чэнь Цюаньгонинг бу сиёсати Шинжон расмийлари қаршилигига учраган. Айрим маҳаллий раҳбарлар бу кетишда этник низолар авж олиши ва иқтисодий ўсишга соя солиниши важидан мазкур чораларни қўллаб-қувватламаган. Партиянинг минтақавий бош котиби эса унга тўсиқ бўлганларни йўлдан олиб ташлаган.

Ўйиндан чиқарилиб, ҳибс этилганлар орасида Ёркент тумани раҳбари, лагерлардан 7 мингдан ортиқ тутқунни ими-жимида қўйиб юборган Ванг фамилияли амалдор ҳам бор эди.

Аноним манба – «энг юқори доира вакилларидан»

NYT’га жами 24та ҳужжат сиздирилган бўлиб, уларнинг айримларида айни материал такрорланган. Файллар орасида раис Си Цзиньпин ва бошқа амалдорларнинг 200 бетга яқин нутқ сўзлари бор.

Шунингдек, Шинжонда уйғурлар устидан ўрнатилган назоратга доир буйруқ-кўрсатмалар ва ҳисоботлар 150 саҳифадан ортади. Уларда ислом дини Хитойнинг бошқа қисмларида ҳам тарқалишининг олдини олиш режалари ҳақида ҳам сўз боради.

Нашрнинг қайд этишича, жами 403 бетдан иборат ҳужжатларни шахси сир қолишини истаган «Хитой олий сиёсий доираси аъзоларидан бири» тақдим этган. Аноним манба шу орқали партия етакчилари, шу жумладан раис Си Цзиньпиннинг «қилмишлари ёпиқ қолиб кетмаслигига умид қилишини» билдирган.

2019 йил баҳори. Ҳўтан шаҳри чеккасидаги қайта тайёрлаш муассасаси деб тахмин қилинадиган жой
Фото: Greg Baker / AFP / Scanpix / LETA

Расмий Пекин реакцияси

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Генг Шуанг АҚШ нашрида чоп этилган ҳужжатлар ҳақиқийлигини инкор этгани йўқ. Шу билан бирга, у газетани «атайлаб нотўғри талқин қилиш»да айблади.

«Нашр «ички ҳужжатлар» деб аталувчи материалларни ҳаддан ортиқ бўрттириб кўрсатиш мақсадида турли-туман жойлардан олинган маълумотларни қориштириб ташлаш йўли билан фактларни бузиб кўрсатган ҳамда Хитойнинг терроризм ва радикаллашувга қарши саъй-ҳаракатларига нисбатан туҳмат ёғдирган. Улар бундан қандай мақсадни кўзлаган?» – деди хитойлик дипломат душанба кунги матбуот анжуманида.

Генг Шуанг / Фото: Хитой Ташқи ишлар вазирлиги

Генг Шуанг радикаллашувга чек қўйишда мамлакат катта ютуқларга эришганини таъкидлаган.

«Шинжондаги масалалар – Хитойнинг мутлақо ички иши. Шинжон дуч келаётган муаммо этник, диний ёки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ эмас. Аксилтеррор ва дерадикаллаштириш чоралари туфайли минтақада сўнгги уч йилда бирорта ҳам қонли террорчилик акти рўй бермади», – деб таъкидлади Хитой ТИВ расмийси.

Шинжон ҳукуматининг баёнотига кўра, The New York Times мақоласи «ички ва ташқи адоваткор кучлар томонидан бошдан оёқ тўқиб чиқарилган» ва «ёлғонларга тўла».

«Ғарбдаги Хитойга қарши кучлар Шинжондаги барқарорлик ва уйғун тараққиётни кўришни исташмайди. Улар мунтазам равишда фейк-янгиликларни ўйлаб топиб, Шинжонга нисбатан бўҳтон чиқариб келишган», дейилади мухтор минтақа ҳукумати расмий муносабатида.

25 миллионга яқин аҳолига эга ҳудуд

Шинжон-Уйғур мухтор минтақаси – Хитойнинг энг йирик ҳудудий бирлиги. Расман автоном мақомга эга. Маъмурий маркази ва энг катта шаҳри – Урумчи.

Аҳолиси 25 миллион кишига яқин. Қарийб ярмини мусулмон уйғурлар ташкил этади. Ҳудуддаги хитойликларнинг улуши ҳам 40 фоиздан ошади.

Шинжон-Уйғур – Хитойнинг энг кўп табиий газ етказиб берувчи минтақаси. Сўнгги ўн йилликларда ҳудудда нефть ва минерал ресурсларга бой конлар топилган.

Шарқий Туркистон номи билан ҳам юритиладиган ҳудудда сўнгги ўн йилликларда бир нечта марта террористик хуружлар кузатилган, айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан, берилган қурбонлар сони мингга яқинни ташкил этади.

Оқибатда 2014 йилга келиб, уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон этник озчиликларни махсус лагерларда «қайта тайёрлаш», уларнинг сиёсий онги ва диний дунёқарашини ислоҳ қилиш амалиётлари бошланди.

2018 йилда БМТ ишчи гуруҳи Хитой шимоли-ғарбидаги жамлоқларда 1 миллиондан 2 миллионгача маҳкум ушлаб турилганини маълум қилганди.

Расмий Пекин миллионлаб мусулмонларни маҳкамага тортмасдан йирик лагерларда сақлаб тургани, инсон ҳуқуқлари оёқости қилинаётгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келади. Ҳукумат бу муассасаларни «таълим-тарбия марказлари» деб атайди, минтақадаги радикализмга қарши чоралардан бири сифатида кўрсатади.

Чин расмийларининг тушунтиришича, «диний экстремизм тузоғига тушиб қолганлар қайта тарбияланиши лозим».

Аммо, инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, лагерларда тутиб турилганлар Хитой раиси Си Цзиньпинга содиқ бўлиш учун қасам ичишга ва коммунистик партия шиорларини баланд овозда айтишга мажбурланади.

Матбуотда, шунингдек, Шинжонда яшовчиларнинг оммавий кузатилиши, транспорт воситаларига GPS-датчиклари ўрнатилгани ва 16-65 ёш оралиғидаги фуқароларнинг ДНК намуналари йиғилиши ҳақида маълумот тарқатилган. Минтақада масжидлар бузилаётгани ҳам айтилади.

Шу йил октябрь ойида АҚШ уйғурларни таҳқирлашдаги эҳтимолий иштироки учун Хитойнинг 28та компаниясини қора рўйхатга киритган, мамлакат ҳукумати ва коммунистик партиясининг қатор расмийларига нисбатан виза чекловларларини жорий этган эди. Қўшимча қилиш жоиз, томонлар ўртасида савдо уруши бошланганига 1 йилдан ошди.

Мавзуга оид