Ўзбекистон | 19:30 / 28.11.2019
24340
3 дақиқада ўқилади

Онлайн пул ўтказмалари бўйича «Сбербанк» ва «Агробанк» ҳамкорлиги йўлга қўйилди

27 ноябр куни «Hyatt regency» меҳмонхонасида Агробанк томонидан республикамизда биринчи бўлиб йўлга қўйилган «Сбербанк-Агробанк онлайн пул ўтказмалар» янги хизмат тури тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа Россия ва Ўзбекистондаги иккита йирик банклар – Агробанк ва Сбербанк ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Бундан буён пул юбориш ёки олиш учун банк филиалларига бориши шарт эмас – Россиядан Ўзбекистонга 24 соат давомида ҳамда дам олиш кунлари ҳам пул жўнатиш мумкин!

«Эндиликда бу жараён автоматлаштирилган бўлиб, Россиядаги барча Сбербанк филиалларида ва «Сбербанк Онлайн» мобил иловаси орқали амалга оширилади ва маблағлар мобил илова орқали Россия рублини автоматик равишда олувчининг, яъни «Агробанк»нинг «Humo» пластик картасига сўмда онлайн тарзда ўтказиб берилади», - деди Агробанк Бошқарувчи директори - Бошқарув раис ўринбосари Азамат Тўраев.

Ўзбекистонга пул жўнатиш учун нима қилиш керак?

  • Ўзбекистондаги қабул қилувчининг телефон рақами киритилади;
  • рублда керакли сумма кўрсатилади;
  • автомат тарзда телефон рақамига боғланган сўм пластик картасининг ҳисобига маблағ онлайн ўтказиб берилади.

Шунингдек, қабул қилиб олувчида Агробанкнинг «Humo» пластик картаси бўлиши керак. Бунда, рублда қабул қилиб олинган маблағ автомат тарзда сўм пластик картага конвертация қилиниб, ўтказиб берилади.

Қанча комиссия олинади?

Ушбу хизматдан фойдаланганда ўтказилаётган сумманинг 1%и миқдорида комиссия олинади.

Ўзбекистондан Россияга пул юбориш мумкинми?

Ҳозирги вақтда «P2P» хизмати ёрдамида маблағларни Агробанк пластик карталаридан Сбербанк пластик карталарига ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, келгусида ушбу имконият ҳам яратилади.

Шунингдек, тез орада ушбу хизматни «Agrobankmobile» мобил иловаси ёрдамида ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.

Картадаги пулларни қаерларда ишлатиш мумкин?

Тушган пулларни худди оддий картадагидек бемалол ишлатиш мумкин. Масалан, 250 мингдан ортиқ шохобчаларда савдо қилиш, Агробанкнинг 520 дан ортиқ банкоматларидан нақд пул ечиб олиш ёки бўлмаса «Agrobankmobile» иловасидан фойдаланиб тўловларни амалга ошириш мумкин.

Кўпчиликка сир эмас, Россиядаги юртдошларимизнинг катта қисми Сбербанк карталаридан фойдаланади. Шунга кўра, ушбу хизмат мусофир юртдаги ватандошларимизга анчайин асқотади деган умиддамиз.

«Агробанк» АТБ матбуот хизмати

Мавзуга оид