Ўзбекистон | 20:50 / 29.11.2019
94468
3 дақиқада ўқилади

«Профилактика инспекторларига берилган автомобиллар харажати новвой ва сомсачиларнинг бўйнида» — Сенатор

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вояга етмаганлар томонидан 479та жиноят содир этилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳотамов Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Рустам Ҳотамов

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ижтимоий кўмакка муҳтож, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар ҳамда муаммоси мавжуд оилалар манзилли ишлаш, улар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида амалга оширилмаяпти. Бу эса муаммоли оилаларда фарзандлар, ота-оналар ва мактабларнинг назоратсиз қолиб, улар томонидан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликка қарши курашда профилактика инспекторларининг роли жуда катта экани, бироқ улар битта жойда узоқ ишламаслиги, тез-тез алмаштирилиши, қўнимсизлиги боис ана шундай муаммолар юзага келаётганини таъкидлади.

«Профилактика инспекторларининг қўнимли бўлишига эътибор қаратиш керак. Улар бир жойда камида 3 йил, ёки бўлмаса беш йил ишласин. Шу ҳақда топшириқ ҳам бор-ку? Ҳар йили алмаштирсангизлар нима бўлади? Профилактика инспектори 3-4 минг аҳолига масъул бўлса, бир йил ишлаб алмашиб кетаверса, қанақа қилиб уларни таниб олади?

Олдин биз ўз ҳудудимиздаги участка нозирини билардик, у ҳам ҳаммамизни танирди, уйимизгача биларди, ҳозир масалан маҳалламда ким «участковой» эканини билмайман. Келади-кетади, қўними йўқ», дея Фаррух Дадахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раиси профилактика инспекторларига яхши ниятлар билан хизмат машиналари бериш йўлга қўйилгани, бироқ уларнинг машиналарига бензин қуйиш ҳудудлардаги новвойларнинг чекига тушаётгани, ИИВ раҳбарияти масаланинг бу тарафига эътибор қаратмаётганини танқид қилди.

Фаррух Дадахўжаев

«Профилактика инспекторларига берилган автомобилларнинг харажати кимнинг бўйнида? Тандирчининг, сомсачининг бўйнида. Улар машинасига бензинни қаердан олади? Ҳалигача бу масаланинг эллик фоизини ҳам ҳал қилмадинглар.

«Қоч бўридан, оч бўридан», дейди халқимиз. Буларга хизмат уйлари берилди, уйларнинг аҳволини қаранглар. Иложи бўлса, бу уйларни уларга ипотека кредити асосида бериш керак. Ҳалигача бу уйлар ИИВ балансига олингани йўқ. Хизмат уйига бири-кетиб бири келадиган бўлса, тайинли эгаси бўлмаса, эртага ўн минг уй бошга бало бўлади», деган Фаррух Дадахўжаев.

Мавзуга оид