Трампни «тахтдан ағдариш»ни хоҳлаётган Блумберг. Унинг имкониятлари қандай?
АҚШда 2020 йилнинг ноябрида президентлик сайловлари ўтказилади. Олдинги президент Барака Обама иккинчи марта сайланишга унчалик қийналмаганди. Бу галчи, Трампга «тахтни сақлаб қолиш» осон бўладими?
Трамп учун сайловдаги асосий рақиб, шубҳасиз, Жо Байден. Обама вақтида вице-президент бўлган Байден Трампни «тахтдан ағдариши»га шубҳа қилмаяпти. Кўпчилик Байден ва Трамп «дуэли» асосий баҳс бўлишига тайёрланаётган бир вақтда катта саҳнага оз эмас, кўп эмас, дунёнинг тўққизинчи рақамли энг бадавлат кишиси чиқиб келди. Ҳа, машҳур медиамагнат Майкл Блумберг дунёдаги энг зўр пойга — АҚШ президентлик пойгасига қўшилди.
Блумберг сўзини кўп эшитгансиз. Бу номда сайт, телеканал, радио ва яна кўплаб нашрлар фаолият юритади. «Блумберг» агентлиги асосчиси Майкл уни ўз номи билан атаган. Бошланишига биржа оламидагилар учун маълумотлар сотишни бошлаган корхона кейинчалик медиамакондаги барча йўналишларга кириб борди. Хўш, ўзидан ҳам корхонаси машҳур бўлган Майкл Блумберг аслида ким?
Сайловларга кеч қўшилгани сабаб Блумберг праймеризнинг дастлабки қисмини ўтказиб юборади. Айни дамда демократларнинг атиги 1 фоизи сайловда Блумбергни қўллашга тайёрлигини билдирган. Ҳали ўз партияси орасида қўллаб-қувватланмаётган миллиардер ниманинг эвазига Трампни «ўйиндан чиқаришга» умид қилмоқда?
Сиёсатга қизиққан ҳар бир одам президент бўлишни орзу қилса керак. Сиз-у бизнинг орамизда ҳам қўлини конституцияга қўйиб халқи олдида президентлик қасамёдини қабул қилишни орзу қиладиганлар кўплигига шубҳа йўқ. Энди ўйлаб кўринг, сизнинг пулингиз жуда кўп ва яратган берган умрнинг 78 йилини яшагансиз. Асосий орзуингиз эса амалга ошмаган. Бунинг учун бор пулингизни ҳам сарфлармидингиз? Чинакам сиёсат кишиси бундай имкон туғилса, пулнинг юзига қарамайди.
Сайлов вақтида 78 ёшда бўладиган Майкл Блумбергнинг бойлиги 55,5 миллиард долларни ташкил қилади. Forbes маълумотига кўра, у дунёнинг энг бой тўққизинчи одамидир. Блумберг сайлов кампаниясига рекорд миқдорда пул ишлатишини маълум қилди. Ўзининг номзодини қўйиши ҳақидаги пиарнинг ўзига 37 миллион доллар сарфлаган Блумберг кейинги тарғиботлар учун қанча сарфлашини тахмин қилаверинг. Бир сўз билан айтганда, Блумберг бутун дунёсини президентликка алмашиб юборадиган ёшда.
Блумберг сиёсатга ҳам «осмондан тушиб қолгани йўқ». У 11 йил Нью-Йорк мэри бўлган. АҚШнинг энг катта шаҳрида бунча муддат ҳоким бўлиш жуда кўп нарсани англатади. Масалан, бугун Туркияда феноменал обрўга эга бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўған бош вазирликка келишдан аввал «Туркиянинг Нью-Йорки» ҳисобланмиш Истанбулда мэр бўлиб ишлаган. Блумберг Нью-Йорк мэрлигидаги фаолиятини самарали деб ҳисоблаши, бу лавозимда ишлаб, бошқарувчилик қобилияти синовдан ўтгани ҳақида айтмоқда.
Чиндан, у штатни жуда қийин ҳолатда қабул қилиб олганди. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг вайронага айланган Нью-Йорк айнан Блумберг вақтида оёққа туради. 2002-2013 йилларда Майкл дунёнинг энг машҳур шаҳрида мэр бўлиб ишлайди.
Дарвоқе, Трамп ҳали бизнесда бўлган вақтида Нью-Йоркда ишлаган ва Блумберг билан «ҳоким-тадбиркор» форматидаги учрашувлар ҳам ўтказган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда Трампнинг айтишича, Блумберг билан бир марта гольф ўйнаган. Ҳозирча асосий эътиборини Байденни «ер билан яксон қилишга» қаратган Трамп янги рақиби Блумбергни тролл қилишни бошласа, бундай тафсилотларни эшитиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас. Айтганча, Трамп Блумбергни тролл қилишни бошлади десак ҳам бўлади: «Биламан, у катта пул сарфлайди, аммо кичик Майкл муваффақиятсизликка учрайди», дея ёзди у твиттерида.
Бобоси россиялик
Блумберг 1942 йил Массачусетс штатида яҳудийлар оиласида туғилган. Унинг бобоси россиялик муҳожир бўлган. Отаси Уильям Генри ҳам Массачусетсда туғилган. Унинг оиласи ҳақида маълумотлар кам, чунки медиамаконда етакчилардан бўлган Майкл бундай маълумотлар тарқалишини хоҳламаган. 1964 йилда Жонс Ҳопкинс университети ва Ҳарвард бизнес мактабини тамомлаган. Блумбергнинг икки қизи бор ва айни дамда расман бўйдоқ.
«Трампга ўхшаб отамдан пул олмаганман»
Блумберг машҳур Salomon Brothers банкида акция савдоси билан шуғулланиб фаолиятини бошлаган. 1981 йилда эса ишдан кетказилган. Ҳа, айнан кетказилган. Йиққан пулларини Bloomberg LT корхонасини очишга сарфлаган. Ўша вақтда янгилик бўлган бизнесга қўл урган Блумберг биржа бозорлари таҳлили билан шуғулланади. Бу бизнес Майклга тезда катта пуллар олиб кела бошлайди. У ўз бизнесини Трамп каби отасининг пулига бошламагани билан мақтанишга ҳам улгурган: «Мен ўз бизнесимни ўзим нолдан қурганман, Трамп каби отамдан пул олиб эмас».
Майкл кейинчалик пулларини ОАВ соҳасига тика бошлайди. Бугунги кунда Bloomberg агентлигининг иқтисодий янгиликларини тайёрлашнинг ўзи билан дунёнинг 130 давлатида 9,5 минг киши шуғулланади.
1 доллар маош, худди Трамп каби...
Майкл Блумбергни «демократларнинг Трампи» дейишмоқда. Чиндан ҳам уларнинг ўхшаш жиҳатлари бор. Масалан, йиллик маошни 1 доллар қилиб белгилаш Трампнинг кашфиёти десангиз, адашасиз. Блумберг 2002 йилда инсоният тарихидаги энг йирик терактдан силласи қуриган Нью-Йорк ҳокимлигига сайлангач, ўзининг йиллик маошини 1 доллар қилиб белгилайди. Бундан ташқари, унга давлат томонидан уй берилишини ҳам рад этади. Бир сўз билан айтганда, Блумбергнинг кўзи тўқ одамлиги синовдан ўтган.
Аввал демократ, кейин республикачи, ҳозир яна демократ
АҚШда иккита партия мавжудлигини биласиз. Одатда америкаликлар ёшлигидан демократ ёки республикачи эканликларини аниқлаштириб олишади. Айниқса сиёсатчилар ўз позицияларида собитқадам бўлишади. Аммо Блумберг икки марта партиясини ўзгартирган. У 2001 йилги Нью-Йорк мэрлиги учун сайловда демократлардан номзодлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани туфайли республикачилар партиясидан сайланади. Унгача Блумберг демократ бўлган. Энди АҚШ президентлигига номзодини ҳам демократ сифатида қўйди.
Жуда бой ва жуда қари
Блумберг Нью-Йорк мэрлиги учун сайловларда унга республикачилар партияси ёрдам бермаган деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, партия сайловда кўпроқ Блумбергнинг рақиби, марҳум Жон Маккейнни қўллаб-қувватлаган. Дарвоқе, Маккейн ва Блумберг узоқ вақт қалин дўст бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Блумберг республикачиларга ишончи баланд бўлмаган ҳолда сайловларда эркин номзод (яъни партиясиз) ҳолида ғолиб бўлиш ҳам имконсиз эканини тушунган. Шу боис, миллиардер ўтган галги президентлик пойгасидаги мағлуб томон — демократлар сафида пойгага қўшилишни маъқул кўрди.
Аммо Блумбергнинг имконияти ҳозирча жуда паст десак, муболаға бўлмайди. Биринчидан, у сайловда қатнашиш ҳақида жуда кеч эълон қилди. Бу автоматик тарзда миллиардернинг имкониятларини пасайтириб юборади. Бундан ташқари, Блумберг кейинги йил сайловлар вақтида 78 ёшда бўлади. У президентлик учун жуда кексалик қилиши мумкин. Шунингдек, Блумбергнинг ҳаддан ташқари бой экани ҳам унинг сайланишига халақит бериши мумкин. Президентликка демократлардан яна бир номзод сенатор Элизабет Уоррен бу ҳақда шундай деди: «Блумберг президентликни сотиб олмоқчи».
«Трампга яна 4 йил тоқат қилолмаймиз»
Блумберг президентлик пойгасида қатнашиши учун асос қилиб Трампнинг қилиқларига ортиқ тоқат қилиб бўлмаслигини келтирди: «Мен президентлик пойгасига Дональд Трампни енгиб, Американи ўзига келтириш учун қўшилдим. Яна 4 йил Трампнинг оқлаб бўлмас қилиқларига чидаб бўлмайди. Бунга тоқат қила олмаймиз. Трамп мамлакат учун катта хавф. Агар у яна 4 йил президентлик қилса, бу даврдаги йўқотишлар учун ўзимизни кечира олмаслигимиз мумкин. Менинг бизнес ва бошқарувдаги улкан тажрибам пойгада ғолиб бўлиш ва мамлакатни бошқариш учун етарли бўлади деб ўйлайман».
Аммо Блумберг мана шу нутқида қайсидир маънода «қовун туширади». Миллиардер ўзининг бизнесдаги тажрибаси мамлакатни бошқариш учун асқатишини айтди, ваҳоланки у 2016 йил бу учун Трампни қоралаганди: «Трамп мамлакатни ўз бизнесини бошқаргани каби бошқаришини айтмоқда. Бизни Худо асрасин. У фирибгар».
Яна бир тўсиқ: Байденнинг электорати
Блумберг Нью-Йорк мэри бўлган вақтда иқтисодий жиҳатдан яхши кўрсаткичлар қайд этиш билан бирга жамоат хавфсизлиги борасида ҳам кўп иш қилгани эътироф этилади. Аммо айнан хавфсизликни таъминлаш борасида собиқ мэр битта хатога йўл қўйиб, буни ўзи ҳам тан олган. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Нью-Йорк мэрлигига келган Блумберг полиция учун «stop and frisk» (тўхтат ва текшир) деб номланган тартибни жорий қилган. Бу эса АҚШ бизнес пойтахтидаги қора танли ва келиб чиқишига кўра лотин америкалик бўлган фуқаролар орасида кескин норозиликни келтириб чиқаради.
Гап шундаки, ҳаммани тўхтатиб текшириб кўриши мумкин бўлган полиция асосан қора танли одамларни тинтув қилишни бошлайди. Кечинчалик бу амалиёт ўзини оқламаганини тан олган Майкл полиция фақат қора танлиларни текширишини инобатга олмаганини айтади. Юқоридаги тажриба сабаб Нью-Йоркда ўша вақт жиноятчилик 32 фоизга камайганини ҳам таъкидлаш керак.
Блумберг қурол олиб юришга қарши ҳаракатлари билан ҳам машҳур. У сайловолди дастурида ҳам бунга қарши курашишини айтди. Нью-Йорк мэри бўлган вақтида Блумберг жуда кўп тақиқлар жорий қилган. Масалан, кафе ва барларда чекишни тақиқлаган. Бу эса мустақил ёшлар учун яхши янгилик бўлмаган. Сайловда бу ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин.
Қонунчиликка ўзгартириш киритган
Ҳа, бунақаси Америкада ҳам бўлиб туради. Блумберг Нью-Йорк мэри вазифасида ишлаётган вақтда маҳаллий сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритишга эришиб бу орқали учинчи марта мэрликка сайланган. Бугун бу нарса унутилган бўлиши мумкин, аммо сайловолди кампанияси вақтида кимдир бу фактни эслаши аниқ. АҚШда қонунга ўз манфати учун ўзгартириш киритганларнинг обрўси юқори бўлмаслиги эса сир эмас.
Блумбергнинг яна бир хатоси сайловолди дастурини Трампга қарши кураш билан бошлаши бўлди. Биринчидан, мустақил (яъни партияга аъзо бўлмаган) сайловчилар бу қилиқдан шубҳаланишлари мумкин. Улар кимнидир тахтдан ағдариш учун раҳбар бўлишни хоҳлаётган президентнинг халққа нима кераги бор, деб ўйлашлари табиий.
Иккинчидан, айни дамда мамлакат президенти бўлган Трамп ўзига қарши гапирадиган номзодларни «ер билан битта қилаётганини» кўряпсиз. Масалан, Жо Байден Украинадаги ўғли билан боғлиқ можаро туфайли рейтингини йўқотмоқда.
Клинтон нега ютқазганди?
Ўтган сафар Трампнинг сайловдаги асосий рақиби Ҳиллари Клинтон АҚШ президенти бўлишига кўпчилик ишонаётганди. Аммо сайловолди кампанияси вақтидаги тўпори гаплари Трампни дунёнинг энг қудратли мамлакати раҳбарига айлантирди. Ҳиллари Клинтон Хитойни савдо урушида яксон қилиши, Россияни «бурчакка тиқиши» ҳақида гапираётган вақтда Трапм АҚШ халқаро полиция бўлишни бас қилиши кераклигини айтиб халққа солиқларни камайтиришни, янги иш ўринлари яратишни таклиф қилди. Ва айтганини қилди ҳам. Айнан мана шу дангал таклифлари учун Трамп етарли овозга эга бўлди.
Бугунги номзодлар орасида мана шундай адекват таклиф берадигани ҳозирча кўринмаяпти. Блумберг ҳар қанча машҳурлигига қарамай, ҳали уни сайлашлари учун тайинли асос келтира олгани йўқ. Бу борада фақат Жо Байден нималардир қилаётгандек. Ҳар ҳолда сўнгги вақтларда Американинг энг тамизли ва намунали президенти бўлган Барака Обама билан ишлаган Байден собиқ раҳбаридан ўрнак олаётган бўлиши мумкин. У ўрта қатлам одамлари билан учрашиб, ўзи худди улар каби одам эканини кўрсатмоқда.
Трамп ва Блумбергдан фарқли миллиардлари бўлмаган Байден сайлов кампанияси учун одамлардан пул йиғмоқда. Айни дамда унинг кампанияси учун энг катта пул тўпланган. Афроамерикаликлар ва ишчи қатламнинг кўнглини олиш учун ҳаракат қилаётган Байден сайлов фаворити Трампга жиддий бошоғриқ бўлиши мумкин. Майкл Блумберг эса бу кетишда ҳатто ўз партияси етакчилиги учун ҳам кураша олмай қолиши тайин. Айтганча, ҳали Ҳиллари Клинтон «жанг»га киришгани йўқ...
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
08:31 / 08.11.2024
Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди
01:11 / 07.11.2024