Ўзбекистон | 07:49 / 14.12.2019
5630
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга олиб келинаётган аттракционларнинг хавфсизлиги ҳақида ҳеч ким бош қотирмаган – сенатор

Фото: ТАСС

Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев яқин вақтгача Ўзбекистонга кириб келаётган аттракционларнинг хавфсизлиги ҳақида ҳеч ким бош қотирмагани, бунинг оқибатида ўлим ҳолатлари юз берганига тўхталди.

«Аттракционларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан парламент сўрови бергандик. Бунинг натижасида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида аттракционлар бўйича инспекциялар тузилди. Чунки Ўзбекистонга минглаб аттракцион кириб келяпти, уларни олиб келаётган одам тайин, бироқ техник жиҳатдан хавфсизлиги, бизга шу нарса керакми-йўқми, бу ҳақда сўрайдиган одам, ташкилот бўлмаган. Бундан ташқари, етмиш йил олдин қурилган аттракционлар ҳам ишлаяпти. Мана шундай бошбошдоқлик натижасида Жиззахда ёшгина қиз ўлиб кетди. Ундан кейин Наманганда ҳам яна шундай ҳолат бўлди. Шу каби ҳолатлар нега юз бераётганига изоҳ сўраб парламент сўрови юборганимиздан сўнг соҳа тартибга солинди», дея Фаррух Дадахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Жиззахда содир бўлган фожиадан сўнг шу пайтгача аттракционлардаги хавфсизлик устидан давлат назорати ўрнатилмагани маълум бўлган эди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистондаги аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилганини айтган. Намангандаги фожиадан сўнг вилоятдаги барча аттракционлар техник кўрикдан ўтказиладиган бўлганди.

Мавзуга оид