Ўзбекистон | 11:32 / 21.12.2019
61828
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликни бузаётган давлатлар рўйхатида қолдирди

Фото: REUTERS/Joshua Roberts

АҚШ Давлат департаментининг хабар беришича, Ўзбекистон диний эркинлик бузилиши туфайли хавотирга сабаб бўлаётган давлатлар рўйхатида қолдирилди.

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, диний эркинликни ҳимоя қилиш Трамп маъмурияти ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир. Дин ёки эътиқод бўйича таъқиб ҳамда камситиш дунёнинг барча минтақаларида мавжуд экани айтилади. 

«Америка Қўшма Штатлари диний эркинликни тарғиб қилиш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш устида ишлашни давом эттирмоқда. Ушбу сўнгги белгилар ушбу муҳим ишнинг давоми», - дейилади Давлат департаменти баёнотида.

2019 йил 18 декабрь куни Давлат департаменти Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистонни 1998 йилги «Диний эркинлик тўғрисида»ги қонунга биноан, «диний эркинлик бузилиши доимий равишда давом этаётган ва бу борада жуда жиддий ҳолатлар учраётган» вазиятларда қатнашганлик ёки унга йўл берганлик учун алоҳида ташвиш туғдираётган давлатлар сифатида қолдирди.

Давлат департаменти Комор ороллари, Россия ва Ўзбекистонни «диний қонунбузарликларнинг жиддий ҳолатлари»ни содир этган ёки содир этилишига йўл қўйган ҳукуматлар учун Махсус назорат рўйхатига (Special Watch List) киритди. 

Бундан ташқари, ушбу рўйхатга Куба, Никарагуа, Нигерия ва Судан қўшилди. Судан SWL’га ўтиш даври ҳукумати томонидан «диний эркинликларнинг мунтазам, доимий ва қўпол равишда бузилиши»ни бартараф этиш бўйича қўйилган муҳим қадамлар туфайли ўтказилди. 

Шунингдек, «Ал-Қоида», «Ал-Шабоб», «Боко Ҳарам», ҳусийлар, ИШИД, «ИШИД-Хуросон» ва «Толибон» алоҳида ташвишга солаётган ташкилотлар сифатида кўрсатилди.

«Ушбу қарорлар Америка Қўшма Штатларининг ўз диний ёки эътиқод эркинлигидан фойдаланмоқчи бўлганлар кишиларни ҳимоя қилиш мажбуриятини таъкидлайди. Бизнинг фикрча, ҳар бир инсон ҳар доим ва ҳамма жойда ўз эътиқодига мувофиқ яшаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Биз ушбу асосий ҳуқуқларни бузишга ҳаракат қилаётган давлат ва нодавлат ташкилотларга чақириқ ташлашда давом этамиз, улар ўз ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилишларини таъминлашга ҳаракат қиламиз», - дейилади Давлат департаменти баёнотида.

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида махсус кузатув рўйхатига киритди

Мавзуга оид