Ўзбекистон | 09:28 / 21.12.2019
12162
2 дақиқада ўқилади

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари таснифи кенгайтирилди

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ХАЛИКК-2017) кенгайтирилди.
 
Norma’нинг ёзишича, хизматчиларнинг асосий лавозимлари таснифига қўшимчалар киритилди. Натижада умумий рўйхатда лавозимлар сони анча ортди:

давлат хизматчиларига – Президент Администрацияси, Хавфсизлик кенгаши ходимлари, омбудсман ва бизнес-омбудсман девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда бошқа давлат тузилмалари ходимлари лавозимлари киритилди;

иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги бошқарув ходимлари ва мутахассисларига – экскурсиялар бюроси бошлиғи; маданият ва истироҳат боғлари, чакана савдо корхоналари, мижозлар билан ишлаш корхоналари, меҳмонхоналар директорлари  (мудирлари); меҳмонхона хўжалигида зал, участка мудири; режаловчи иқтисодчи; директор ёрдамчиси, маслаҳатчиси; сейсмолог, техник-сейсмолог ва бошқалар;

диний ташкилотлар тингловчиларига – катехизатор, протодиакон, уставчи ва бошқалар қайд этилди.    
 
Лавозим номи келтирилган қаторда Машғулотларнинг миллий стандарт классификатори бўйича уларга мувофиқ кодлар, ходимлар тоифалари (мутахассис, бошқарув ёки техник ходим), улар маълумотининг энг паст даражасига бўлган талаб ва таълим йўналиши коди кўрсатилади. 
 
Эслатиб ўтамиз, классификатор:

меҳнат шартномаларини тузишда, ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни киритишда, буйруқларни расмийлаштиришда, лавозимлар ва касбларни ходимларнинг тегишли тоифаларига киритишда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади;

ходимлар маълумотининг энг паст даражасини белгилаш юзасидан давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга;

таълим йўналиши юзасидан - барча ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга.

Мавзуга оид