Ўзбекистон | 16:00 / 22.12.2019
32270
4 дақиқада ўқилади

Фото: Вилоят ҳокимлари сайловда овоз беришди

Бугун, 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Кун давомида республика вилоятлари ҳокимлари, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ҳамда пойтахт Тошкент шаҳри ҳокими сайлов участкаларига бориб, ўзлари танлаган номзодларга овоз беришди.

Вилоятлар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўз оила аъзолари билан сайлов участкасига борди. У Самарқанд шаҳридаги 140-сайлов участкасига бориб, сайловда иштирок этди.

Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев Қарши шаҳридаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 125-Қарши сайлов округига қарашли 806-сайлов участкасида ўз оила аъзолари билан бирга овоз берди.

Фото: Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси

Вилоятнинг янги раҳбарини сайлов участкасида ҳарбий оркестр кутиб олган.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Урганч шаҳридаги 28-сайлов участкасида бўлиб, овоз бериш жараёнини очиб берди ҳамда сайловда қатнашди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Марғилон шаҳридаги 32-умумтаълим мактабида жойлашган 630-сайлов участкасида овоз берди.

Вилоят ҳокими нуронийлар, илк марта овоз бераётган ёшлар билан бугун ўтказилаётган сайловлар ҳақида суҳбатлашган.

«Сайловларда одамларимизнинг кайфияти аъло даражада. Ҳозирда вилоятимизда кўплаб халқаро ташкилот вакиллари ва кузатувчилар иш олиб боряпти. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида янги сайловларни қандай ўтишини барча қизиқиш билан қараб турибди. Албатта бу жараён вилоятимизда фаоллик ва қонунчилик талаблари асосида ўтади», дея унинг сўзларини келтирган ЎзА.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳамда вилоят сектор раҳбарлари ҳам сиёсий жараёнда фаол иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз берди.

Вилоят ҳокими Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабида жойлашган 62-сайлов участкасидан овоз берди. 

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Рустам Холматов Оққўрғон туманидаги 530-сайлов участкасидан қатнашиб, ўзи муносиб деб топган номзодларга овоз берди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳам сайловда иштирок этди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон шаҳридаги 18-сайлов участкасига ташриф буюриб, конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда маъқул кўрган номзодига овоз берди ҳамда барчани бугунги муҳим кунда фаол иштирок этишга чорлади.

Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам оила-аъзолари билан бирга Термиз шаҳридаги 271-сайлов участкасида бўлиб, муносиб номзодлар учун овоз берган.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўзи истиқомат қилаётган Пахтаобод тумани, Бўстон маҳалласидаги 23-умумтаълим мактабида жойлашган 462-сайлов участкасига оила аъзолари билан келиб, ўзи муносиб деб билган номзодлар учун овоз берди.

«Юртдошларимиз, андижонликлар сайловларда фаол иштирок этаётганлигидан хурсандман. Бугун бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар келгусида мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизда демократик тамойилларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимиз тақдирига, порлоқ келажагимизга бефарқ қарамайдиган ҳар бир юртдошимиз сайловларда фаол қатнашиб, энг муносиб номзодлар учун овоз бериши лозим», дейди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноев вилоят марказидаги 50-сайлов участкасига бориб, сайловда иштирок этди ва ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги 42-сайлов участкасида бўлиб, муносиб номзодларга овоз берди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 697-сайлов участкасида оила аъзолари билан бирга овоз берди.

Мавзуга оид