Ўзбекистон | 21:20 / 24.12.2019
22256
4 дақиқада ўқилади

Хорижлик кузатувчи сайловларни баҳорга кўчиришни таклиф қилди

Маҳмуд ул Ҳасан

Ўзбекистон сайловларни баҳор фаслига кўчириш орқали сайловчиларнинг фаоллигини оширишга эришиши мумкин, дея таклиф билдирди покистонлик кузатувчи Маҳмуд ул Ҳасан.

Покистон Марказий банки экспертининг фикрича, партиялардан ташқари мустақил номзодларнинг ҳам депутатлик учун курашишига имкон яратилиши лозим.

«Мен Хоразмнинг Урганч, Хива шаҳарлари, Шовот туманидаги 10дан ортиқ сайлов участкаларида бўлдим. У ердаги маҳаллий аҳолининг сайловда иштирок этишга бўлган катта иштиёқига гувоҳ бўлдим. Одамлар сайловда фаолроқ иштирок этишлари учун уни бошқа мавсумда, масалан баҳор фаслида ўтказилишини таклиф қилган бўлардим.

Яна бир таклиф шундан иборатки, тадбиркорлар, технократлар – профессор ва экспертларнинг ассоциациялари ҳам сайловда мустақил равишда сайланиш имкониятига эга бўлишлари лозим.

Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида иккинчи марта иштирок этишим. Бу сафар бари ўзгача. Ҳамма нарса ўзгарган», – деди Маҳмуд ул Ҳасан Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Покистонлик бошқа бир кузатувчи – Пешовар университети профессори, доктор Шабир Аҳмад Хон ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида, инфратузилмага оид турли ўзгаришлар бўлгани, метронинг янги йўналишлари қурилаётганига эътибор қаратди.

Шабир Аҳмад Хон (ўртада)

«Сайловлар ҳақида гапирадиган бўлсам, кўрилган тайёргарлик ва унинг қандай ўтказилгани менда катта таассурот уйғотди. Чунки Ўзбекистон сиёсий партиялар ўртасида сайловолди дебатларни ўтказиш борасида хорижнинг демократик, ривожланган давлатлари тажрибасини қўллаяпти. Гувоҳи бўлдимки, аҳолининг барча ёшдаги қатламлари сайловларда катта иштиёқ билан иштирок этишди.

Мен Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Мирзо Улуғбек туманларидаги 7та сайлов участкаларида бўлдим. Сайловлар жуда яхши ташкиллаштирилган ва интизомли тарзда ўтди», – дейди профессор Шабир Аҳмад Хон.

24 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сайловларни кузатишга келган халқаро экспертлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда покистонлик кузатувчилардан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Малайзия ва Кувайт вакиллари ҳам қатнашди.

Учрашув аввалида меҳмонларга парламент қуйи палатасининг фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди.

«Хабарингиз бор, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти мавжуд. Қонунчилик фаолияти ҳақида сўз кетганда шуни айтишим мумкинки, 2015-2016 йилларда бир йил давомида қабул қилинган, Сенатга юборилган ва президент томонидан имзоланган қонун ҳужжатлари сони 60га яқин бўлган бўлса, сўнгги йилда қонун ҳужжатлари сони 170-175тагача етди. Қонун лойиҳалари сони деярли 3 марта ортди.

Депутатларнинг қонун лойиҳаларига оид ташаббуслари борасида ҳам ўсиш кузатилди. Учинчи чақириқнинг илк йилларида 7-8та қонун лойиҳалари депутатлар ташаббуси билан тайёрланган. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 20тагача етди», – деди Қонунчилик палатаси администрацияси раҳбари ўринбосари Собиржон Жабборов.

Собиржон Жабборов

Учрашув доирасида халқаро кузатувчилар Олий Мажлиснинг ялпи йиғилишлари залини томоша қилиб, парламент музейи фаолияти билан танишдилар.

Мавзуга оид