Жаҳон | 21:53 / 25.12.2019
29259
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg миллиардерларга тегишли 50 та суперяхта бир оролда йиғилганидан хабар топди

Фото: Getty Images

Bloomberg ахборот агентлиги миллиардерларга тегишли суперяхталар бир вақтда Кариб денгизида йиғилганидан хабар топди. Агентликда таъкидланишича, эҳтимол бу ҳолат ушбу яхталар эгалари Рождество байрамини қаерда нишонлашга қарор қилишганидан дарак беради. 

Маълум қилинишича, байрам арафасида дунёдаги энг катта яхталар АҚШ, Италия, Испания, Францияни тарк этиб, Антигуа ва Барбуда, Сен-Бартелеми ва Сен-Мартен соҳиллари яқинида тўпланган.

Нидерландия ва Франция ўртасида бўлишиб олинган Сен-Мартен ороли яқинида айниқса яхталар сони кескин кўпайган. Ноябрда ушбу орол яқинида 16 та суперяхта қайд қилинган бўлса, Рождество арафасида уларнинг сони 52 тагача етган.

Сен-Мартен соҳили яқинида пайқалган суперяхталардан энг йириги россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли 162,5 метрлик Eclipse бўлган. Бу борада 2-рақамли яхта Магнитогорск металлургия комбинати эгаларидан бири Виктор Рашниковнинг Ocean Victory (узунлиги 140 метр), 3-рақамлиси эса DreamWorks киностудиясининг эгаларидан бири Дэвид Геффеннинг Rising Sun (138 метр) яхталари ҳисобланади.

Бироқ Vesselfinder, Marinetraffic ва Vesseltracker сервислари маълумотларига кўра, юқорида тилга олинган Eclipse, Ocean Victory ва Rising Sun яхталари 25 декабрда Кариб денгизидаги бошқа орол - Сен-Бартелеми яқинида қайд қилинган.

Мавзуга оид