Light | 19:40 / 05.01.2020
68155
7 дақиқада ўқилади

Миллиардерларнинг туҳфалари: 2019 йилнинг энг сахий бойлари

Forbes миллиардерлар рўйхати иштирокчилари нафақат бойишда, балки саховатпешаликда ҳам пойга ўйнашмоқда – улар 2019 йилда таълим, тиббиёт ва фан учун юз миллионлаб, баъзан эса миллиардлаб долларларини эҳсон қилишди.

Forbes 2019 йилда энг кўп хайрия қилган ўн нафар миллиардерни эълон қилди.

1. Азим Премжи — $7,6 млрд

Фото:Simon Dawson / Bloomberg via Getty Images

Ҳиндистонлик IT-магнат Азим Премжи бу йил жуда йирик маблағни хайрия қилди. У ўзининг Wipro Limited IT-компаниясидаги 7,6 млрд долларлик улушини таълим ишлари билан шуғулланувчи Азим Премжи хайрия жамғармасига ўтказди. Премжига 1966 йилда отасининг ўсимлик мойи ишлаб чиқариш бизнеси мерос қолган бўлиб, у бу бизнесни кейинчалик дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компанияга айлантирган. 2019 йилда компания даромади 8,5 млрд долларга етди.

2. Уоррен Баффет — $3,6 млрд

Фото: Christopher Goodney / Bloomberg via Getty Images

Уоррен Баффет ҳар йили ўз бошқаруви остидаги Berkshire Hathaway акциялари орқали миллиардлаб долларни хайрияга сарфлайди. Баффет 2019 йил июлда ҳаётидаги энг катта хайрияни амалга оширди: 3,6 млрд долларлик акциялар Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, Сьюзан Томпсон Баффет жамғармаси (унинг марҳума хотини) ва уч нафар ўғли бошқарувидаги Howard G. Buffett Foundation, Sherwood Foundation, NoVo Foundation фондларига тақдим этилди. Forbes журналининг ҳисоб-китобларига кўра, Баффет ҳаёти давомида 38 млрд доллардан ортиқ пулни хайрия учун сарфлаган.

3. Стюарт ва Линда Резник — $750 млн

Фото: Michael Kovac / Getty Images for AFI

Ёнғоқ ва мевалар савдоси орқали бойиган калифорниялик миллиардерлар Стюарт ва Линда Резник сентябрда иқлим ўзгаришлари бўйича тадқиқотларни молиялаштириш учун Калифорния технология институтига 750 млн доллар ажратди. Бу университет тарихидаги энг йирик хайриядир. CalTech майдони 7 минг квадрат метрни ташкил этувчи «Резник номидаги экологик ресурслар маркази» биносини қуришни режалаштирган. Бодом ва писта етиштириш билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик Wonderful Co компанияси бойлиги 9 млрд доллар бўлган Резникларга тегишли.

4. Т. Дэнни Сэнфорд — $350 млн

Фото: DR

Кредит карталари чиқариш орқали бойиб кетган, 3,4 млрд доллар маблағи бўлган Т. Дэнни Сэнфорд Сан-Диегодаги миллий университетга 350 млн долларни эҳсон қилди. Университет 2020 йил июлидан Сэнфорд номи билан аталади. 1971 йилда ташкил этилган хусусий нотижорат университети асосан фарзандли, ишлайдиган ёки армияда хизмат қилиб келган ёши катта талабаларни ўқитади. Сэнфорд ҳаёти давомида асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига қарийб 2 млрд доллар хайрия қилган.

4. Филип «Терри» Рейгон ва Сьюзан Рейгон — $200 млн

Фото: DR

Филип «Терри» Рейгон ва Сьюзан Рейгон вакциналарни тадқиқот қилиш марказини молиялаштириш учун Массачусетс касалхонасига 200 млн доллар хайрия қилди. 2009 йилда Жанубий Африкага бориб келган эр-хотинлар ОИВга қарши вакцина яратиш учун Массачусетс касалхонаси, Массачусетс технология институти ва Гарвард иштирокида Рейгонлар номидаги институтга асос солди. Рейгон касалхоналар ва банкларга катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашда ёрдам берувчи InterSystems дастурий таъминотини ишлаб чиқиб 2,6 млрд доллар бойликка эришган.

6. Стивен Шварцман — $188 млн

Фото: Jason Alden / Bloomberg via Getty Images

Blackstone инвестицион фирмаси ҳаммуассиси Стивен Шварцман Оксфорд университетига 188 млн долларни эҳсон қилди. Бу маблағ гуманитар фанлар, фалсафа ҳамда янги Оксфорд этика институти жойлашадиган Шварцман номидаги марказни молиялашириш учун ишлатилади. Марказда шунингдек, 500 ўринли концерт зали ва 250 ўринли маъруза зали ҳам қурилади. Бойлиги 19,1 млрд доллар бўлган Шварцман 2018 йил октябрда Массачусетс технология институтида компьютер коллежи қурилиши учун 350 млн доллар ажратганди.

7. Жон М. Хантсман оиласи — $150 млн

Фото: DR

Химикатлар ишлаб чиқариш орқали бойиган марҳум миллиардер Жон М. Хантсман оиласи ноябрда Юта университети талабалари ҳамда Ютадаги маҳаллий қишлоқ аҳолиси учун руҳий саломатлик ва руҳий ёрдам соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштиришга 150 млн доллар ажратди. Маблағ Хантсман номидаги руҳий саломатлик институтини ташкил этиш учун сарфланади ҳамда 15 йил давомида тўлаб берилади.

8. Хансйорг Висс — $131 млн

Фото: DR

Тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқаришдан бойиган швейцариялик миллиардер Хансйорг Висс июнда Гарвард университетига 131 млн долларни эҳсон қилди. Бу маблағ 2009 йилда унинг 125 млн доллари эвазига Гарвард университети қошида ташкил этилган Висс номидаги биомуҳандислик соҳасидаги ишланмалар институтига ажратилди. Висс 2018 йил октябрда New York Times газетасида ерлар ва океанларни асраш ишлари учун ўн йил давомида 1 млрд доллар беришни режалаштирганини маълум қилди. Висс 1963 тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи Synthes компаниясига асос солган. У компаниясини 2012 йилда Johnson & Johnson компаниясига 2,2 млрд долларга сотган. Ҳозирда Висснинг бойлиги 6,3 млрд доллар деб баҳоланади.

9. Кеннет Гриффин — $125 млн

Фото: David Paul Morris / Bloomberg via Getty Images

Чикагонинг энг бой кишиси, Citadel хеж-фонди асосчиси Кеннет Гриффин Чикагодаги фан ва саноат музейига 125 млн доллар хайрия қилди. Бу музей 1933 йилда очилганидан буён олган энг катта хайрия маблағидир. Музей Кеннет Гриффин номидаги фан ва саноат музейига айлантирилади. Гриффиннинг бойлиги 13 млрд долларни ташкил этади.

10. Сэнди ва Жоан Вейл — $109 млн

Фото: Michael Short / Bloomberg via Getty Images

Миллиардер ва филантроп Сэнди ва Жоан Вейл ноябрда Сан-Францискодаги Калифорния университети, Берклидаги Калифорния университети ва Вашингтон университети иштирокидаги бош мия касалликларини даволаш йўлларини топишга қаратилган тадқиқот лойиҳаси учун 109 млн доллар ажратишди. Бойлиги 1 млрд доллар бўлган Сэнди Вейл брокерлик фирмасига асос солган ва 1981 йилда уни American Express компаниясига қарийб 1 млрд долларга сотган. У 90-йиллар охирида Travelers ва Citibank бирлашиши ҳамда Citigroup вужудга келишига бошчилик қилган, 2003 йилга қадар Citigroup бош директори лавозимини эгаллаган.

Мавзуга оид