Президент иштирокидаги йиғилишда қурилиш соҳасидаги камчиликлар кескин танқид қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 январь куни қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
«Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Янги уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектлари қурилмоқда. Табиийки, бундай катта ҳажмдаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун малакали қурувчилар, билимли лойиҳачилар, барқарор ташкилотлар керак.
Йиғилишда қурилиш соҳасидаги муаммо ва камчиликлар кескин танқид қилинди.
Масалан, Ўзбекистонда 22 мингга яқин қурилиш-пудрат ташкилоти бўлиб, уларнинг аксариятида ишчилар сони ва касб малакаси тўғрисида маълумот юритилмайди.
Ҳудудлардаги барча қурилишлар ягона буюртмачи хизмати ташкилотларига топшириб қўйилгани кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Илғор хорижий тажрибада қурилиш хавфсизлиги, сифати ва натижаси назорат қилинса, бизда барча куч ва ресурслар жараённи назорат қилишга сарфланиб, сифат иккинчи ўринга тушиб қолган.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уни замонавий асосда ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Лойиҳа институтлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий тажриба асосида тендерлар ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, бу борада электрон тизимни эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Қурилиш, Молия, Адлия вазирликлари ва бошқа мутасадди ташкилотларга жорий йил 1 июлгача қурилиш корхоналари фаолиятини баҳолаш рейтингини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу рейтингда ишчилар сони ва малакаси, бажарилган ишлар ҳажми, солиқ ва кредитларнинг ўз вақтида тўланиши каби мезонлар ўз аксини топади.
Президент шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳамда ягона буюртмачи хизмати ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Соҳада ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси пастлиги кўрсатиб ўтилди. Жумладан, лойиҳаларни яратиш, экспертизадан ўтказиш, қурилишга рухсат бериш, қурилиш-пудрат ишларини масофавий назорат қилиш жараёнлари ҳалигача қоғозда бажариляпти. Инвестор ва тадбиркорлар учун қаерда нима қуриш мумкинлиги ҳақида маълумот берувчи геоинформацион тизим йўлга қўйилмаган.
Шу боис йиғилишда Қурилиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш юклатилди.
Соҳада техника хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаётгани, «риск-анализ» тизими ва назорат йўқлиги оқибатида бахтсиз ҳодисалар юз бераётгани қайд этилди. Тегишли вазирлик ва идораларга қурилиш соҳасида давлат назоратини бутунлай янгича асосда ташкил этиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари қурилиш соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш тизими бугунги кун талабига жавоб бермаслигини таъкидлади.
Меҳнат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қурилиш соҳасида ўрта бўғин мутахассислари ва ишчи касблар классификаторини жорий қилиш ҳамда унга мувофиқ коллежларда қурувчилар тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Соҳага оид таълим дастурларини юқори технологиялар ва инновацион ёндашувлар асосида янгидан ишлаб чиқиш, бўлажак кадрларни замонавий лойиҳалаш ва дастурий таъминот, хусусан, BIM (Building Information Modeling) технологиялари билан ишлашга ўргатиш кераклиги таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мавзуга оид
20:45 / 09.10.2024
Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади
18:30 / 07.10.2024
Қурилиш соҳасида аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида маълумот берилди
18:39 / 30.08.2024
Тадбиркор товарларининг Ўзбекистонда эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланади
11:43 / 24.08.2024