Ўзбекистон | 22:50 / 07.01.2020
15948
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ноқонуний тунги пойга ўтказганларга чора кўрилди

Телеграм мессенжеридаги турли кўнгилочар каналларда Самарқанд шаҳрининг кўчаларидан бирида тунги вақтда икки ВАЗ-2101 русумли автомобиллар иштирокидаги ноқонуний пойга мусобақаси видеотасвирлари тарқатилган.

Ушбу видеороликдаги ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъсул ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур ҳолатда ҳаракатланган транспорт воситалари, уларнинг эгалари ва уларни бошқарган шахслар аниқланган.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг Kun.uz’га ҳолат юзасидан тақдим этилган маълумотномасига кўра:

– 1991 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридаги «Галаосиё» МФЙда яшовчи фуқаро Ш.С.га тегишли бўлган олчаранг «ВАЗ-210130» русумли транспорт воситасини 1992 йилда туғилган, транспорт воситаларини таъмирлаш билан шуғулланувчи, Самарқанд шаҳар «Ҳумо» МФЙда яшовчи Х.С. тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан туриб бошқаргани,

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ

– иккинчи транспорт воситаси 1992 йилда туғилган, Жомбой шаҳрида яшовчи, пайвандчилик билан шуғулланувчи фуқаро Б.А.га тегишли экани ва у томонидан ўзига тегишли бўлган давлат оқ рангли «ВАЗ-2101» русумли транспорт воситалари иштирокида 2019 йил 24 декабрь куни соат тахминан 23:45ларда транспорт воситасини таъмирлаб бўлганидан сўнг синаб кўриш мақсадида пойга уюштиргани ва бу билан жамоат тартибини ҳамда фуқароларнинг тинчини бузиб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилгани маълум бўлган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ

6 январь куни Ш.С.га нисбатан МЖтКнинг 135-моддаси 2-қисми билан, Х.С.га нисбатан МЖтКнинг 128-5-моддаси 2-қисми, 135-моддаси 2-қисми ва 125-моддаси 5-қисми билан ҳамда Б.А.га нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 5-қисми, 128-5-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилган.

«Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар маъмурий судга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Ушбу ҳолат якуни ҳамда суд идоралари томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида қўшимча равишда ахборот берилади», — дейилади Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим этилган маълумотномасида.

Мавзуга оид