Спорт | 21:17 / 12.01.2020
10162
3 дақиқада ўқилади

Любинко Друлович: «Ўйин тизгинини тўлиқ ўз қўлимизда ушлаб турдик»

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Хитой устидан қозонилган ғалаба (2:0) ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири Таиланднинг Сонгҳла шаҳридан хабар беради.

«Биринчи бўлимни анча яхши ўтказдик – голга тортадиган учта хавфли вазият ярата олдик. Тайм охирига келиб рақиб дарвозасини ишғол қилишга ҳам муваффақ бўлдик. Биринчи бўлим давомида Ойбек Бозоров анча яхши таассурот қолдирди.

Умуман олганда, бугунги учрашувда 90 дақиқа давомида жамоа яхши ўйнади. Футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Хитой жамоаси ҳам ёмон ўйин намойиш этмади.

Эрон билан учрашувдан кейин ғалаба қозонишимиз шарт эди, чунки у ўйинда бир очконигина қўлга кирита олгандик холос. Шу сабабдан ҳам бу ўйинга йигитларимизни яхши тайёрлашга ҳаракат қилдик ва улар ишончимизни оқлашди. Бутун ўйин давомида яхши ҳаракат қилишди, ўйин тизгинини ўз қўлимизда ушлаб турдик.

Энди эътиборимизни Жанубий Кореяга қарши ўйинга қаратамиз. Бу учрашувга ҳам йигитларни бугунгидек тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Жанубий Корея анча тезкор ўйнайди, уларга қарши ўйин ҳам осон бўлмаслиги тайин.

Келаси ўйинларда ўйин ҳолатидан ҳам гол киритишга ҳаракат қиламиз. Бугун ҳам пенальтидан тўп киритдик. Агар иккинчи пенальтидан ҳам фойдаланганимизда, ўйиннинг қолган қисмида кўпроқ гол уришимиз мумкин бўларди. Шу сабабли ҳам 2-бўлимда кўпроқ тўпни ва ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқа олдик. Кейинги ўйинларда кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламиз

Нурилло Тўхтасиновнинг Ойбек Бозоровга алмаштирилишига келсак, Нурилло асосий таркиб футболчиларимиздан саналади. Ойбек эса ҳужум ва ҳимоя чизиқларини боғлаб туришда тезкорлиги билан ажралиб туради. У бироз толиққанини сезгач, ўрнига Тўхтасиновни майдонга туширдик ва якунда у рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди, бундан жуда хурсандмиз», – деди сербиялик мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, якунловчи турда Ўзбекистон гуруҳ етакчиси Жанубий Кореяга қарши 15 январь куни майдонга тушади.

Мавзуга оид