Жаҳон | 20:24 / 13.01.2020
10541
3 дақиқада ўқилади

Франциялик «ўргимчак-одам» пенсия ислоҳотига норозилик сифатида 187 метрлик бинога кўтарилди

Фото: AFP

Франциялик таниқли экстремал Ален Робер Total компаниясининг 187 метрлик осмонўпар биноси девори бўйлаб юқорига кўтарилди. La Voix du Nord нашрининг хабар беришича, Робер Францияда пенсия тизими ислоҳотига қарши ўтказилаётган умуммиллий иш ташлаш иштирокчиларини шу тариқа қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

“Одамлар шундоқ ҳам ҳаётининг 40 йилини кўпинча уларга ёқимсиз бўлган иш ортида ўтказишади. Биз муносиб яшашни истаймиз”, деб айтган экстремал бинога кўтарилиши олдидан. У бино юқорисига 52 дақиқада кўтарилган.

“57 ёшимда мен техник жиҳатдан пенсиядан унча йироқмасман. Менинг ягона даромад манбаим – бу алпинизм. Мен 64 ёшимда ҳам бу иш билан шуғулланишим керакми? Ёки 67 ёшда? Одамларни камроқ олиш учун кўпроқ ишлашга мажбурлашни бас қилиш лозим. Ислоҳот эса айнан шунга қаратилган. Баъзи касблар бошқаларига нисбатан мураккаброқдир ва шуни ҳисобга олиш лозим”, деб қўшимча қилган Робер.  

“Ўргимчак-одам” лақаби билан маълум бўлган француз ушбу бинони 8 марта забт этмоқда. Биринчи марта у бинога 1999 йилда кўтарилган. “Жуда совуқ бўлди, мен кўтарилишимнинг сўнгида бармоқларимни ҳис қилмадим. Мен 20 йил аввалгидек бақувват эмасман”, деб айтган журналистларга Робер полиция томонидан ушлангандан сўнг.  

Робер осмонўпар биноларга кўтарилиш билан 1994 йилдан бери шуғулланади. У бу вақт ичида турли объектларга 130 мартадан кўпроқ кўтарилишларни амалга оширган. Бу объектлар ичида энг баланди Дубайдаги 828 метрлик “Бурж-Ҳалифа” ҳисобланади. 

Францияда пенсия ислоҳоти доирасида пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бу эса аҳоли томонидан норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳукумат ушбу банднинг ислоҳотдан вақтинчалик истисно қилишга тайёрлигини билдирган, бироқ намойишчилар жиддий ён босишларни талаб қилишмоқда. 

Мавзуга оид