Жамият | 10:04 / 15.01.2020
11925
2 дақиқада ўқилади

Блогер Абдуфатто Нуритдинов озодликка чиқарилди

Фото: Sirojiddin Media / YouTube

Отабек Нуритдинов тахаллуси билан танилган андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов 14 январь куни ўзига тайинланган муддатни ўтаб бўлиб озодликка чиқди.

У ўзи қамоқдалигида дунёга келган фарзандини ва рафиқасини кўриш учун туғруқхонага борган.

Отабек Нуритдинов ким ва у нега қамалди?

Абдуфатто Нуритдинов декабрь ойи охирида Асака тумани ҳокимлиги мулозимларини томонидан берилган шикоятлар юзасидан қўлга олинган, унга ўша куннинг ўзидаёқ иш очилган, тергов олиб борилган ва иш судга юборилганди. Туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланган блогер Андижон вилояти маъмурий судининг 30 декабрдаги қарорига асосан БҲМнинг 60 баравари миқдорида (13 миллион сўм) жаримага тортилган.

Блогер ўз постларида асосан Асака шаҳридаги мансабдорлар фаолиятидаги эҳтимолий коррупцион фактлар, бюджет маблағларини ўғирлаш ва талон-торож қилиш ҳолатлари ҳақида ёзган.

Абдуфатто Нуритдинов ўз айбини тан олмай, ўзининг шахсий фикрини давлат идоралари вакиллари ва фуқароларнинг обрўсини тўкиш деб ҳисобламаслиги, шунингдек, 30 декабрь куни ҳеч кимни ҳақорат қилмаганини таъкидлаганди.

Бу ҳодиса ижтимоий тармоқда резонанс келтириб чиқарган, кўплаб блогерлар ва фаоллар уни ҳимоя қилиб чиқишганди.

4 январь куни Андижон вилояти маъмурой судининг кассация инстанцияси блогернинг шикоятини рад этган ва 30 декабрдаги қарор ўзгаришсиз қолдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни блогернинг онаси ижтимоий тармоқ орқали ўғлига яна иккита иш очилгани ҳақида хабар қилган, аммо бу маълумот тасдиқланмаганди.
 

Мавзуга оид