Жамият | 12:17 / 17.01.2020
21579
3 дақиқада ўқилади

Саратовдаги ЙТҲда ҳалок бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар рўйхати эълон қилинди 

Фото: Россия ФВВ

Жорий йилнинг 16 январь куни Москва вақти билан соат 07:20да Россия Федерацияси Саратов области Татишев райони ҳудудида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида, ўзаро маълумотлар алмашинувини олиб борилди. 

Унга кўра, жорий йилнинг 16 январь куни маҳаллий вақти билан соат 08:20да Россия Федерацияси Саратов области Татишев райони ҳудудидан ўтувчи федерал аҳамиятга эга бўлган Р-158 «Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов» автомобиль йўлининг 580 км.да Полчаниновка аҳоли яшаш пунктидан 30 км. шимолий-ғарбий йўналишда «Волга-ГАЗ-3110» автомобили ҳамда HYUNDAI минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Бунинг оқибатида, жами 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Шулардан 4 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Вафот этган фуқароларнинг икки нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилганлар. Уларнинг 3 нафари ўзбекистонлик.

Йўл-транспорт ҳодисаси консуллик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилди:

Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Болтабаев Нодир, 1979 й.т. (Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).
Собиров Сардорбек, 1997 й.т. (Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилган).

Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Мухамедова Гулором, 1968 й.т. (Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).
Ибатов Суннат, 1989 й.т. (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).
Баллиев Иса, 1998 й.т. (Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилади).

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.

Мавзуга оид