Жамият | 10:15 / 17.01.2020
6104
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган шахсни тунаб кетганлар аниқланди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

2019 йил 29 декабрь куни тахминан соат 21:40ларда Фарғона вилояти Учкўприк туманида номаълум шахслар бошқарувидаги Nexia русумли автомашинада Янгиобод кўчасида турган вояга етмаган 17 ёшли М.Ш.нинг олдига келишиб, қўнғироқ қилиб олиш важи билан ундан «Samsung» русумли телефон аппаратини олишиб, қайтариб бермасдан телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилишиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Қўқон шаҳрида яшовчи 18 ёшли М.А., 20 ёшли У.А. ва 24 ёшли Ж.М. содир этганликлари аниқланиб, процессуал тартибда ушланган ва гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинганлар.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид