Ўзбекистон | 18:52 / 20.01.2020
4159
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг кейинги босқичини қўллаб-қувватлайди

Сирил Мюллер

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматининг миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасидаги ютуқларини олқишлайди ва банк мамлакатни ислоҳ қилишнинг кейинги босқичини қўллаб-қувватлаш ниятида. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер 16-17 январь кунлари Тошкентга ташрифи чоғида маълум қилди. 

“Ўзбекистон миллий иқтисодиётни ўзгартириш ва фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш учун имкониятлар яратишда катта ютуқларга эришмоқда. Ислоҳотлар орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш вақт талаб қиладиган мураккаб жараёндир. Мамлакатда динамик иқтисодий модел яратиш учун мураккаб ислоҳотлар жараёнининг навбатдаги босқичи бошланмоқда. Жаҳон банки, ўз навбатида, ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистоннинг муҳим тармоқларига инвестицияларни ва ҳукуматга маслаҳат хизматларини кўпайтирмоқда”, деди у. 

Сирил Мюллер Ўзбекистонга ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва транспорт вазири Очилбой Раматов, бош вазир ўринбосари ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов ва бошқа юқори лавозимдаги мулозимлар билан учрашди.

 Учрашувлар давомида Ўзбекистон макроиқтисодий кўрсаткичларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, энергетика, транспорт, молия, банк ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, давлат органлари ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, шунингдек, Марказий Осиёда савдо-транспорт алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, фуқароларга сифатли давлат хизматларини кўрсатиш, уларнинг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки ва гендер тенглигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Жаҳон банки 2017 йилда кенг кўламли ўзгаришлар бошланганидан бери Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада оширди. Унинг мамлакатдаги амалдаги дастури 3,5 миллиард АҚШ долларлик 21 та лойиҳани ўз ичига олади ҳамда Европа ва Марказий Осиёда операциялар ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Банк ҳукуматга қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш соҳаларида иқтисодий ва институционал ислоҳотларни амалга оширишда кўмак беради.

Мавзуга оид