Жаҳон | 21:59 / 25.01.2020
10465
2 дақиқада ўқилади

Эронда Украинанинг самолёти ҳалокатида айбдор шахс ҳибсга олингани маълум қилинди   

Муҳаммад Жавод Зариф

Украина авиакомпаниясининг 8 январда Теҳрон аэропорти яқинида ҳалокатга учрашида айбдор шахс қамоққа олинган. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Der Spiegel нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Зарифнинг таъкидлашича, гап хатти-ҳаракатлари Украина йўловчи самолётининг Эрон қуролли кучлари томонидан уриб туширилишига олиб келган одам ҳақида кетмоқда. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири гап айнан ким ҳақида бораётганига ойдинлик киритмаган.

“Бу мураккаб вақтдаги мураккаб вазият эди”, деб айтган Зариф ва бошқаларга бундай шароитда айбини тан олиш анча кўпроқ вақт талаб этилган бўлишини қўшимча қилган. 

У бунга Эроннинг Airbus йўловчи самолётининг 1988 йилда Форс кўрфази устида АҚШ крейсеридан отилган ракета билан уриб туширилганини мисол қилиб келтирган. Ўшанда самолётдаги барча 290 киши ҳалок бўлган.

Зарифнинг таъкидлашича, АҚШ ҳанузгача ушбу фожиа учун расман узр сўрамаган, самолётнинг уриб туширилишига жавобгар бўлган зобит ҳаттоки медал олган. Крейсер қўмондони эса 1987 йилдан 1989 йилгача ўтаган муваффақиятли ҳарбий хизмати учун “Фахр легиони” ордени билан тақдирланган. 

8 январда Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Теҳрон аэропорти яқинида “Украина халқаро авиалиниялари” авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолётини уриб туширган. Бунинг оқибатида Теҳрон-Киев йўналиши бўйича учган самолётдаги барча 176 киши, жумладан экипажнинг 9 аъзоси ҳалок бўлган. Улар орасида Украинанинг 11 нафар, Эроннинг 82 нафар, Канаданинг 63 нафар, Швециянинг 10 нафар, Афғонистоннинг 4 нафар ҳамда Германия ва Британиянинг 3 нафардан фуқароси бўлган.

Мавзуга оид