Ўзбекистон | 13:40 / 26.01.2020
160579
4 дақиқада ўқилади

1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгармоқда?

Kun.uz сайти 2020 йил 1 февралдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола этади.

«Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонун кучга киради

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 19 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 2019 йил ноябрда имзоланган «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонун шу йилнинг 1 февралидан бошлаб кучга киради.

Ушбу қонун тўлов хизматларини етказиб берувчи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш ҳамда тўлов хизматлари кўрсатиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

Қонуннинг 63-моддасида у расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди.

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ошади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4555-сонли қарорига асосан, 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 1,07 баробарга оширилади.

Шунинг билан, 2020 йил 1 февралдан бошлаб:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 679 330 сўм;
  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 238 610 сўм;
  • энг кам ёшга доир пенсиялар — ойига 466 680 сўм;
  • болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 466 680 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 286 390 сўм этиб белгиланади.

Базавий ҳисоблаш миқдори ўзгаришсиз - 223 000 сўм миқдорда қолдирилган.

Моддий ёрдамнинг янги миқдорлари кучга киради

Давлат раҳбарининг юқорида таъкидланган қарори билан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамларнинг 1 февралдан бошлаб ҳисобланадиган янги миқдорлари тасдиқланди.

Унга кўра, 14 ёшгача бўлган:

  • битта болали оилаларга 131 000 сўм;
  • иккита болали оилаларга 217 000 сўм;
  • учта ва ундан ортиқ болали оилаларга 304 000 сўм миқдорда нафақа тўланади.

Шунингдек, 1 февралдан бошлаб, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа 434 000 сўм, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдори эса 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача миқдорларни ташкил этади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича янги тариф сеткалари амалга киритилади

Президентнинг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдорини ошириш тўғрисидаги қарорига асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бюджет муассаса ва ташкилотлари ходимларининг янгиланган лавозим тариф ставкалари миқдорларини тасдиқлади. Мазкур янгиланган тариф сеткаси жорий йилнинг 1 февралидан кучга кириши белгиланган.

Мавзуга оид